Жанубий Кореянинг TMON компанияси IUT билан ҳамкорлик қилмоқчи

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Жанубий Кореянинг Ticket Monster (TMON) компанияси делегацияси 2016-йилнинг 29-январь куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига (IUT) ташриф буюрди.

Делегация таркибида TMONнинг бош техник мутахассиси Ли Сеонг Бае, ходимлар бўйича менежери Парк Сюн Хюн ва АТ-департаменти раҳбари Ли Чанг Енг бор эди.

Учрашув давомида Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори Шерзод Шерматов меҳмонларни университет фаолияти, келажакдаги режалари ва таълим жараёнлари билан таништирди.

TMON вакилларининг таъкидлашларича, улар Тошкент шаҳридаги Инҳа университети билан ҳамкорлик қилиш истаги борлигини айтдилар ва ахборот-технологиялари (АТ) бозори учун етук мутахассислар тайёрлаш учун янги йўналишлар бўйича ўз тавсияларини бердилар.

Меҳмонлар TMON компанияси турли аутсорсинг лойиҳалари орқали юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга ўз ҳиссасини қўшишга тайёр эканликларини айтдилар.

Музокаралар натижасига кўра, томонлар Университет ва TMON компанияси ўртасида узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга келишиб олдилар.

Ташриф давомида TMON компанияси вакиллари Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида талабалар ва ўқитувчилар учун яратилган замонавий шарт-шароитлар билан танишдилар. Улар Ўзбекистонда АТ мутахассисларини тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлардан катта таассуротда эканликларини айтдилар.

Учрашув сўнггида Ли Сеонг Бае университет ташрифлар китобига ўзининг илиқ тилак ва истакларини ёзиб қолдирди.