Шавкат Мирзиёев билан Нурсултон Назарбоев ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёев билан Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев ўртасида Қозоғистон томонининг ташаббуси билан 2016-йил 5-декабрь куни телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди.

Қозоғистон раҳбари Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайлангани билан самимий табриклади ва давлат раҳбари сифатидаги масъулиятли фаолиятида улкан муваффақиятлар тилади.

Мулоқот чоғида томонлар Ўзбекистон – Қозоғистон муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида фикр алмашдилар. Икки мамлакатнинг турли вазирлик ва идоралари ўртасидаги алоқаларга, хўжалик субъектларининг самарали ҳамкорлиги, шунингдек, минтақалараро алоқалар жадал ривожланиб бораётганига алоҳида эътибор қаратилди.

Давлат раҳбарлари ўзаро муносабатларнинг барча жиҳатлари ва минтақавий ҳамда халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишиб олдилар.

Суҳбат мамлакатларимиз раҳбарларига хос самимий ва дўстона руҳда ўтди.