Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Шавкат Мирзиёевни табриклади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

Муҳтарам Шавкат Миромонович!

Сизга Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ишончли ғалабангиз билан самимий табрикларим ва эзгу тилакларимни йўллашдан мамнунман.

Сизнинг ушбу юксак ва айни пайтда масъулиятли лавозимга сайланганингиз Ўзбекистон халқи Сизнинг юрт фаровонлигини муттасил ошириш, жамиятда тинчлик, барқарорлик ва тотувликни янада мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларингизни кенг қўллаб-қувватлаганидан далолат беради.

Тожикистонда Сизни халқларимиз ўртасида дўстлик, яқин қўшничилик ва ҳар томонлама ҳамкорлик муносабатларини изчил ривожлантириш тарафдори сифатида яхши билади ва ҳурмат қилади.

Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро самарали ҳамкорлик Шарқнинг буюк мутафаккирлари Жомий ва Навоий замонидан давом этиб келаётган кўп асрлик яқин қўшничилик, дўстлик ва ўзаро ҳурмат ришталари билан боғланган халқларимизнинг туб манфаатларига жавоб беришига ишонаман.

Халқларимизнинг асрлар давомида қарор топган ўзаро муносабатларини сақлаш ва янада ривожлантириш зиммамизга катта масъулият юклайди ва биз Сиз билан биргаликда бу борада барча зарур саъй-ҳаракатларни ишга солишга тайёрмиз.

Муҳтарам Шавкат Миромонович, Сизга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, Ўзбекистон фаровонлиги йўлида давлат раҳбари сифатидаги масъулиятли фаолиятингизга улкан муваффақиятлар, Ўзбекистон халқига тинчлик ва барқарор тараққиёт тилайман.

Ҳурмат билан, Имомали Раҳмон,

Тожикистон Республикаси Президенти