Туркия Маданият ва туризм вазири Ўзбекистонга келади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазири Наби Авжи бошчилигидаги делегация 2017 йил 24-26 май кунлари амалий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади. Учрашув ва музокараларда икки мамлакат ўртасида туризм соҳасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ва ҳамкорликда соҳага доир лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилади.

Ташриф доирасида делегация таркибидаги турк туристик фирма ва компания вакиллари ўзбек ҳамкасблари билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишади.

Ташрифдан кўзланган мақсад икки давлат раҳбарлари учрашувларида эришилган келишувларни амалга ошириш тамойили доирасида Ўзбекистон ва Туркия давлатлари ўртасидаги дўстлик ва қардошлик ришталарини иқтисодий, ижтимоий ва маданий соҳаларга кенг ёйган ҳолда яна ҳам мустаҳкамлашдир.

Туркия Маданият ва туризм вазири Наби Авжи ташриф доирасида Бухорада ўтказиладиган Ипак ва зираворлар фестивали очилиш маросимида ҳам иштирок этади.