Тошкентда “Mirzo Ulugbek Innovation Center” маркази ташкил этилмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Тошкент шаҳрида ахборот технологияларини ишлаб чиқариш ва татбиқ этишни қўллаб-қувватлаш инновацион маркази “Mirzo Ulugbek Innovation Center” ташкил этилмоқда. Марказ пойтахтимизнинг Мирзо-Улуғбек туманида жойлашади.

2017 йилнинг 29 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёевга мазкур марказни ташкил этиш бўйича лойиҳанинг тақдимоти ўтказилди.

Марказ дастурий таъминотлар, лойиҳалаштириш ва ахборот тизимларини, ресурсларини ва маълумотлар базасини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилади.

Марказ қатнашчилари шунингдек, ахборот хавфсизлиги соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишади. Марказ стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, марказ ахборот технологиялари соҳасида изланишлар олиб боради.

Инновацион марказнинг резидентлари солиқ ва мажбурий тўловлардан озод қилинади. Шунингдек, улар божхона имтиёзларигa ҳам эга бўлишади.

Инновацион марказ резидентлари сони 2021 йилга келиб ҳозирги 149 тадан 600 тага етади. IT-саноатининг экспорт ҳажми 2021 йилга келиб ҳозирги 3,3 млн. доллардан 30 млн. долларга етади.

Натижада АКТнинг Ўзбекистон ЯИМ даги улуши ҳозирги 1,9 фоиздан 4 фоизга етади.