Германияда Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти тақдимоти бўлиб ўтди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонасида Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти тақдимоти бўлиб ўтди. У “Hamburg CTH” немис сайёҳлик компанияси ҳамда “Die Zeit” ҳафтаномаси билан ўзаро ҳамкорликда ташкил этилди.

Тақдимот чоғида Германиянинг жамоатчилик, эксперт, академик ва маданий доиралари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзбек халқининг тарихи, маданияти ва анъаналари, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти ва бой сайёҳлик салоҳияти, шунингдек, турли жабҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан яқиндан танишдилар.

Республикамиз сайёҳлик салоҳияти ҳақидаги ҳужжатли филмнинг намойиши эса тадбир иштирокчиларининг замонавий Ўзбекистон ҳақидаги тасаввурларини янада бойитди.

Тақдимот интиҳосида “Жаҳон” ахборот агентлигининг Берлиндаги мухбири тадбирнинг айрим қатнашчилари билан мулоқотда бўлди.

- Юқори даражада ташкил этилган бугунги тадбир чоғида ажойиб мамлакатингиз ҳақидаги кўпгина янги маълумотлардан хабардор бўлдик, - деди сайёҳлик бўйича эксперт Беренд Фидлер. - Айниқса, республикада сайёҳлик соҳасини ривожлантиришга йўналтирилган муҳим чора-тадбирларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши билан боғлиқ маълумотлар бизда катта қизиқиш уйғотди. Шубҳа йўқки, мамлакат ва унинг минтақаларидаги сайёҳлик инфратузилмасини такомиллаштиришга қаратилаётган бундай эътибор чет эллар жамоатчилиги қизиқишини янада оширишга ҳамда сайёҳлар оқимини кўпайтиришга хизмат қилади.

Яқинда оила аъзоларим билан бирга Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларига саёҳат қилмоқчимиз. Биз Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкент шаҳарларида бўлиб, улардаги гўзалликни, кўҳна меъморий йодгорликлар маҳобатини ўз кўзимиз билан кўришни ният қилганмиз.

Тарихчи ва сайёҳ Зигфрид Плегер Ўзбекистон бўйлаб саёҳатидан орттирган таассуротларини ўртоқлашар экан, Буюк Ипак йўлининг тарихий шаҳарлари билан бевосита танишишга муяссар бўлганидан жуда мамнун эканлигини айтди.

- Ёшлигимдаёқ орзу қилган бу мақсадим рўёбга чиққанидан бахтиёрман, - деди у. - Бундан уч йил бурун Ўзбекистонга борган эдим. Мамлакатингизни чин дилимдан севаман. Ўзбек халқининг очиқкўнгиллиги, одамларга дўстона муносабати ва меҳмондўстлигидан таъсирланаман. Бундан ташқари, Ўзбекистонда мустақиллик йиллари давомида бой тарихий меросни авайлаб асраш билан бирга барча соҳаларда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилганига ҳам гувоҳ бўлдим.

Яқин вақт ичида юртингизга яна боришга ва мўъжизакор ўлкангизни қайтадан кашф этишга умид қиламан.

Берлин шаҳрида яшончи Гелмут Корс бўлиб ўтган тадбир чоғида тақдим этилган қизиқарли дастур ўзида катта таассурот қолдирганини қайд этди.

- Ишончим комилки, бундай тақдимотлар Ўзбекистон ва Германия халқлари ўртасидаги шерикликни ҳамда бир-бирини ўзаро тўғри тушунишни мустаҳкамлашга кўмаклашади, - деди у. - Бугун бўлиб ўтган республикангиз сайёҳлик салоҳиятининг тақдимоти, бутун жаҳон донғи кетган тарихий шаҳарлар ва меъморий йодгорликлар ҳақида ҳикоя қилувчи филм намойиши Буюк Ипак йўлининг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон тарихи билан яқиндан ошно бўлиш имконини берди.

Сизнинг мўъжизали мамлакатингиз бўйлаб саёҳатга чиқишни орзиқиб кутаман.