Ўзбекистон 7 та давлат фуқароларига визасиз режим белгилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.

Мазкур фармонда Исроил, Индонезия Республикаси, Корея Республикаси, Малайзия, Сингапур Республикаси, Туркия Республикаси ва Япония фуқаролари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасига мунтазам авиақатновларни амалга оширувчи хорижий авиакомпаниялар ҳаво кемалари экипажининг аъзолари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кунлик муддатга визасиз режим белгиланиши кўзда тутилган.

Шунингдек, Европа иттифоқи, Шарқий Осиёнинг бир қатор давлатлари ва яқин шарқ мамлакатларининг ҳамда Ҳиндистон Республикаси, Канада, Янги Зеландия, Америка Қўшма Штатлари каби 39 та мамлакат фуқаролари учун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига туристик ваучерни ёхуд Ўзбекистон Республикасига таклиф қилаётган юридик ёки жисмоний шахснинг мурожаатномасини тақдим этиш ҳамда ҳужжатларни қабул қилиш куни ҳисобга олинмаган ҳолда икки иш куни мобайнида визани расмийлаштиришга оид талаб бекор қилинишини кўзда тутадиган туризм визаларини расмийлаштиришнинг осонлаштирилган тартиби белгиланади.

2018 йилнинг 1 июлидан эътиборан бир қатор хорижий мамлакатлар фуқаролари учун электрон кириш визаларини бериш тизими фойдаланишга топширилади.

Шунингдек, туризм соҳасида фаолият юритадиган тадбиркорлик субъектлари республика ҳудудига олиб кирилаётган туристик классдаги транспорт воситалари, ҳамда канат йўли, тоғ-чанғи юккўтаргичлари, фуникулёрлар ва бошқа шунга ўхшаш объект ва иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун жиҳозлар, механизмлар ва заҳира қисмлари, шунингдек ҳаво шарлари, аэростатлар, квадроцикллар ва моторли қайиқлар учун 2022 йил 1 январгача божхона тўловларидан озод этилади.

2018 йил 1 февралдан фуқароларига сайёҳлик визалари расмийлаштиришниг соддалаштирилган тартиби амалга киритиладиган давлатлар рўйхати:

1. Австралия
2. Албания
3. Андорра
4. Болгария
5. Босния ва Герцеговина
6. Ватикан
7. Венгрия
8. Греция
9. Дания
10. Ҳиндистон
11. Ирландия
12. Исландия
13. Кувайт
14. Канада
15. Хитой Халқ Республикаси, Гонконг билан бирга
16. Литва
17. Лихтенштейн
18. Люксембург
19. Македония
20. Мальта
21. Монако
22. Нидерландия
23. Янги Зеландия
24. Норвегия
25. БАА
26. Уммон
27. Португалия
28. Руминия
29. Сан-Марино
30. Саудия Арабистони
31. Сербия
32. Словакия
33. Словения
34. АҚШ
35. Финляндия
36. Хорватия
37. Черногория
38. Швеция
39. Эстония