2017 йилги ўсиш суръатларида АКТ соҳаси пешқадам

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ахборот ва коммуникация технологиялари соҳаси бугунги кунда жаҳон иқтисодиётининг жадал ривожланаётган соҳаларидан биридир. Иқтисодий ўсиш ва иқтисодиёт тармоқларини юксалтирувчи, ҳаракатга бошловчи кучга айланган мазкур йўналиш барча соҳаларнинг иқтисодий жараёнларини сезирлари даражада ўзгартириб, янги босқичга кўтармоқда. Шунингдек, ахборот технологияларининг ривожи — инсоннинг ақлий меҳнати, илм ва тафаккурининг меваси бўлган ахборот ҳамда маҳсулотларга асосланган янги турдаги иқтисодиётнинг ташкил топиши учун ҳам замин яратмоқда.

Бунга АКТ соҳасининг мамлакатимиздаги ўсиш суръатлари мисолида ҳам гувоҳ бўлиш мумкин. Хусусан, 2017 йилда алоқа ва ахборотлаштириш соҳаларида кўрсатилган хизматлар миқдори 7,9 трлн. сўмни ташкил қилган. Шундан 232,8 млрд. сўмлик хизматлар дастурий таъминот маҳсулотларига доир хизматлар улушига тўғри келади.

2016 йил билан солиштириб кўрилганда, янги технологияларни жорий қилиш ва хизматлар сонининг оширилиши, хизмат кўрсатиш ҳудудлари ҳамда доирасининг кенгайтирилиши ҳисобига соҳада хизмат кўрсатиш ҳажми 124,0 % (солиштирма нархларда 115,6 %) га ошган.

Айни пайтда Ўзбекистонда хизматлар соҳасининг ривожланиши моддий ишлаб чиқариш соҳаларидаги ўсиш суръатни ортда қолдирмоқда. Жумладан, 2017 йилнинг январь-декабрь ойларида ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) да хизматлар соҳаси улуши 47,3 фоизни ташкил қилган.

2017 йилнинг январь-декабрь ойларида хизматлар ҳажми 116795,7 млрд.сўмни ташкил этиб, 8,9 фоизга ўсди. Юқори ўсиш суръатларини товарларни кредит карталари орқали тўловлар, интернет орқали савдолар каби янги хизмат турларини пайдо бўлиши, янги савдо марказлари, овқатланиш мажмуалари, мехмонхоналарнинг ишга тушиши, таълим ва кўнгилочар хизматларининг кенгайиши билан изоҳлаш мумкин.

Шунингдек, қайд этиш жоизки, Ўзбекистонда валюта бозорининг эркинлаштирилиши ҳамда 2017 йилнинг сентябрида хорижий валюта курси кескин кўтарилишига қарамасдан, алоқа хизматлари тарифларида нархларнинг ўсиши кузатилмади.

Алоқа ва ахборотлаштириш соҳасидаги хизматларни кўрсатишда асосий улуш (87,3%) телекоммуникация хизматлари (симли ва мобил алоқа, Интернет тармоғи, телерадиоузатиш ва бошқалар) ҳиссасига тўғри келди.

2017 йилда АКТ соҳасига жалб қилинган инвестициялар миқдори 1,891 трлн. сўмни (ўсиш суръати 168,7 %), жумладан хорижий инвестициялар улуши 1,557 трлн. сўм (ўсиш суръати 2,2 баробар)ни ташкил қилган.

Ҳозирда АКТ соҳасининг Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотидаги улуши 2,2 фоизни ташкил қилмоқда.

Ахборотларни тарқатиш, халқаро ахборот алмашув ва жамоатчилик алоқалари бошқармаси