Тошкентда касб-ҳунар таълими соҳасида инновацион ечимлар бўйича давра суҳбати бўлиб ўтди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2018 йилнинг 7-8 февраль кунлари Тошкентда “Касб-ҳунар таълими соҳасида инновацион ечимлар: Samsung Инновация Академиясининг II босқичини амалга ошириш тажрибаси” мавзусида давра суҳбати ҳамда “Samsung Инновация сервис Академияси” лойиҳаси доирасида Тошкентдаги касб-ҳунар коллежлари учун тренинг на намойиш турлари ташкил этилди.

Тадбирга Марказий Осиёда минтақавий экология маркази (МОМЭМ) ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати кўмагида Тошкент ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи ташкилотчилик қилишди.

“Samsung Инновация сервис Академияси” стратегик ижтимоий лойиҳаси коллеж ўқувчилари учун қўшимча таълимни таъминлашга, ёшлар бандлиги муаммосини ҳал этишга, шунингдек мамлакатдаги хизмат соҳаси учун малакали кадрларни тайёрлашда янги стандартларни тарғиб қилишга йўналтирилган. Лойиҳа доирасида МОМЭМ ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати "яшил" технологиялар, энергия самарадорлиги, ресурсларни тежаш ва экологик ёндашув ҳақида ўқитувчилар ва талабалар хабардорлигини оширишади.

“Samsung Инновация сервис Академияси” лойиҳасининг II босқичи 2017-2018 йилларда амалга оширилади.

– Мамлакатимиз учун ўзига хос бўлган таълим лойиҳасининг натижалари 2018 йил юртимизда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинган йилда эълон қилинишининг ўзига хос бир рамзий маъноси бор, – дея шарҳлади Ўзбекистондаги МОМЭМ филиали директори Шаҳноза Умарова. – “Samsung Инновация Академияси” 2015 йили бевосита Тшкент ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежида ташкил этилганди. Бугунги кунда у ўзида талабаларни замонавий мобиль қурилмалар ва рақамли телевизорларни таъмирлаб, уларга хизмат кўрсатишга ўргатадиган иккита тренинг-синф ва иккита лабораторияларни ўз ичига олган мажмуа билан жиҳозланган. Лойиҳа “яшил” кўникмаларини ривожлантиришга ва инновацияларга тайёр бўлган битирувчиларнинг янги авлодини тайёрлашга ҳисса қўшади. Ахир ускуналарни таъмирлаш, унинг фойдаланиш даврини узайтиради, табиий ресурслардан ортиқча фойдаланишнинг олдини олади ва атроф-муҳитга таъсирини пасайтиради.