Корея Республикаси Бош вазир ўринбосари Ким Донг Ён IUTда маъруза ўқиди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2018 йилнинг 12 февраль куни Корея Республикаси Бош вазири ўринбосари, Статегия ва молия вазири жаноб Ким Донг Ён бошчилигидаги Корея делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ташриф доирасида, жаноб Ким Донг Ён Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT)га борди.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори Сарвар Бабаходжаев Корея Республикаси делегациясига университет фаолияти тўғрисида батафсил маълумот берди.

Олий таълим билан яқиндан танишгач, юқори мартабали меҳмон, жаноб Ким Донг Ён пойтахтимиздаги 8 та нуфузли университетларнинг талабаларига маъруза ўқиди. Маъруза давомида у ўз ҳаёти ҳақида сўзлаб берди. Жумладан, Жаҳон банкидаги фаолияти, Президентнинг иқтисодий масалалар бўйича котиби бўлиб ишлаган вақти, шунингдек, Аджу университети ректори сифатидаги фаолиятлари тўғрисида гапириб берди.

Бош вазир ўринбосари маъруза чоғида Кореядаги иқтисодий вазиятга ҳам алоҳида эътибор қаратди, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишларини тилга олиб ўтди.

Корея Республикаси Бош вазири ўринбосари, Статегия ва молия вазири жаноб Ким Донг Ён IUTнинг меҳмонлар китобига эсдалик сифатида Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги 1500 йиллик дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашда ўз ҳиссасини қўшаётган Тошкент шаҳридаги Инҳа университети фаолиятига омадлар тилади.