Ғиждувонда боғчалар сони яна биттага кўпайди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини ривожлантириш ва самарали фаолият кўрсатиши учун барча сайъ-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Хусусан, замонавий шарт-шароитларга эга мактабгача таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, уларнинг иш тизимини янада такомиллаштириш қизғин паллага кирган.

Ғиждувон туманида фойдаланишга топширилган 11-сонли мактабгача таълим муассасаси ҳам фарзандларимиз камоли йўлида амалга оширилаётган ана шу ишларнинг узвий давоми бўлди. Ушбу муассаса бунга қадар мослаштирилган бинода, қийин шароитда фаолият юритиб келаётган эди.

Муассасаданинг янги биносида болаларимизга жаҳон андазалари асосида таълим ва тарбия бериш учун барча шарт-шароитлар яратиб берилган. Хоналар ёруғ ва шинам, барча инвентарлар мавжуд. Ҳозирда 4 гуруҳда 100 нафар болажон тарбия олмоқда. Рус тили, инглиз тили, бадиий гимнастика тўгараклари доимий фаолият олиб бормоқда. Қолаверса, маҳаллий аҳоли таклифларидан келиб чиқиб, мактабгача таълим муассасасида яна 3 та гуруҳ очилиш арафасида.

Муассаса 2 млрд. 380 миллион сўмлик инвестиция маблағи асосида “Ғиждувон Зарангари” корхонаси қурувчилари томонидан бунёд этилди.

Вазирлик Ахборот хизмати