Ўзмиллийбанк Германиянинг АКА банки билан 100 млн евролик шартнома имзолади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2018 йил 19 февраль куни Франкфурт Майнда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва Германиянинг «АКА Банк» (AKA Ausfuhrkredit-Gesellschaft mbH) ўртасида Ўзбекистоннинг Европа мамлакатлари билан савдо-иқтисодий алоқаларини ривожлантириш учун 100 миллион евролик кредит шартномаси имзоланди.

Кредит шартномаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг 30.11.2017 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг Германия Федератив Республикаси билан икки томонлама ҳамкорлигини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3414-сонли қарори ижроси доирасида имзоланди.

«АКА Банк» билан имзоланган ушбу шартнома Ўзбекистон Республикаси бош вазири А.Н.Арипов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси ҳукумат делегациясининг 2017 йилнинг 14-17 ноябрь кунлари Германияга қилинган сафари доирасида амалга оширилган келишувларнинг амалий ифодасидир.

Шартнома, хусусан, ГФР ва Европа Иттифоқининг бошқа давлатларидан товарлар ҳамда хизматлар импортини ўз ичига олган инвестиция лойиҳаларини, шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш учун банкка кредит линияси ажратилишини назарда тутади.