Санкт-Петербургда Ўзбекистон туризмининг тақдимот бўлиб ўтди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида “Ўзбекистон - Буюк Ипак йўлининг сири” номли тақдимот бўлиб ўтди.

Унда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси, Ўзбекистон Республикасининг Санкт-Петербург шаҳридаги бош консулхонаси, «Пулково» халқаро аэропорти раҳбарияти, Миллий авиакомпаниянинг Санкт-Петербургдаги ташувларни сотиш бўйича бош агенти «Aerotur» компанияси, шунингдек, “Ulysse Tour”, “Simurg Travel” ҳамда юздан ортиқ маҳаллий сайёҳлик компаниялари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирда «Ўзбекистон ҳаво йўлари» Миллий авиакомпаниясининг Санкт-Петербургдаги вакили Зафар Сайдазимов йиғилганларни авиакомпания тарихи, авиапарки, парвозлар географияси, қатновлар жадвали, Республика аэропортларида яратилган шароитлар билан таништириб, Ўзбекисонга саёҳат қилиш учун турпакетлар ҳақида маълумот берди.

Тақдимот ҳамда «Баҳор» ансамбльининг Москва шаҳридаги филиали вакиллари томонидан ташкил этилган концерт дастури ва ўзбек миллий либосларининг намойиши тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

Шунингдек, тадбирда йиғилганлар орасида турли совғалар ва Миллий авиакомпаниянинг Санкт-Петербург-Тошкент-Санкт-Петербург йўналишидаги қатновига 3 та бепул авиабилет лотореяси ўтказилди.

Тақдимотдан кўзланган асосий мақсад Санкт-Петербургдаги ҳамкорлар билан яқин алоқалар ўрнатиш, Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва Миллий авиакомпания нуфузини оширишдан иборат.

Мазкур тадбир Санкт-Петербург ОАВда кенг ёритилди ҳамда онлайн режимда МАК Ахборот хизматининг фаcэбоокдаги саҳифасида оммага узатилди.