Ўзбекистонда туристлар учун янги телеканал очилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 22 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатга хорижий туристлар оқимини кўпайтириш ва ички туризмни янада ривожлантириш, сайёҳлик хизматларини яхшилаш ва турларини кенгайтириш бўйича кўрилаётган чоралар натижадорлиги таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда мамлакатимиз инвестиция, савдо ва туризм салоҳиятини ўзаро мувофиқлаштириб, ягона бренд остида реклама қилиш зарурлиги таъкидланди. Миллий телерадиокомпания ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги зиммасига Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини кеча-кундуз тарғиб қилувчи, саёҳатга оид турли қизиқарли кўрсатувлар намойиш этиб борувчи халқаро телеканал ташкил этиш вазифаси юкланди.