Газ портлаши оқибатида уч нафар Ўзбекистон фуқаролари жароҳатланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги Элчихонаси маълумотига кўра, 2018 йил 20 февраль куни Жалолобод вилоятининг Қўчқор-Ота шаҳарчасида бахтсиз ҳодиса рўй берди. Натижада шаҳардаги кафелардан бирида ишлайдиган уч нафар Ўзбекистон фуқаролари жароҳатланди. Бу ҳақда ЎзР ТИВ Матбуот хизмати хабар беради.

Хусусан, Жалолобод вилоятининг ИИБ маълумотларига кўра, Қўчқор-Ота шаҳарчасидаги «Азия» кафесида газ ўчоғидан газ сизилиши оқибатида портлаш содир бўлди. Воқеа рўй берган пайтда хонада 4 киши бўлган, ва натижада уларнинг юқори тана қисмлари куйган. Жабрланганлардан уч нафари Наманган шаҳри, ва яна бири Қирғизистоннинг Тўхтагул тумани истиқомадчилари бўлган.

Икки нафар Ўзбекистон фуқаролари - Азимжон Валиев ва Муҳаммадбобир Турғунпўлатов Қўчқор-Ота шаҳридаги шифохонага жойлаштирилди. Рустам Парпиев эса учинчи даражада куйиб, Ўш шаҳридаги касалхонага ётқизилди.

Фавқулодда ҳодиса рўй берган жойда оператив тергов гуруҳи фаолият олиб бормоқда. Ҳодиса ҳолатлари тергов қилинмоқда.

Ўзбекистон элчихона томонидан Ўш шаҳридаги Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг масъул Ваколатхонаси вакиллари ва Жалолобод тумани Ички ишлар бошқармаси билан ишчи алоқалар ўрнатилди.