IUTда “Women Techmakers IWD” тадбири бўлиб ўтади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- “Women Techmakers” – бу “Google”нинг бренди бўлиб, юқори технологиялар соҳасидаги аёллар учун глобал дастур ҳисобланади. “Women Techmakers” инновацияларни рағбатлантириш ҳамда аёлларни жалб этишга мўлжалланган ресурс ва ҳамжамиятдир.

“Women Techmakers” тадбири аёлларни юқори технологиялар соҳасида иштирок этишлари учун шарт-шароитлар яратишга қаратилган.

“Women Techmakers IWD” тадбирига Тошкент шаҳридаги Инҳа университети, БМТТДнинг “Маъмурий ислоҳотлар ва рақамли трансформация” лойиҳаси ҳамда “Super Dispatch” компанияси қўллаб-қувватлаши ёрдамида “Google Developer Groups (GDG) Tashkent” ташкилотчилик қилишмоқда.

“Women Techmakers IWD” 2018 йилнинг февраль ойида ташкил этилган “GDG Tashkent” ишлаб чиқарувчилар ҳамжамиятининг биринчи тадбиридир. Мазкур ҳамжамиятнинг ташкил этилишига Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабалари ташаббус кўрсатишди.

“Women Techmakers IWD” тадбири икки қисмдан иборат. Куннинг биринчи ярмида иштирокчилар ахборот технологиялари соҳасида ишлаётган аёллар фаолияти билан танишадилар. Улар IT-лойиҳалар устида ишлаш бўйича, шу жумладан хорижий компаниялардаги ўз тажрибалари ҳақида маълумот беришади.

Куннинг иккинчи ярмида “Women Techmakers IWD” иштирокчилари турли IT-маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва лойиҳаларни бошқариш бўйича билим берадиган семинар ва маҳорат дарсларида қатнашишлари мумкин.

Тадбирда 18 ёш ва ундан катта бўлган барча хоҳловчилар иштирок этишлари мумкин. Тадбир - инглиз, ўзбек ва рус тилларида бўлади. Тадбирда иштирок этиш учун 2018 йилнинг 5 март кунига қадар http://bit.ly/wtm18tashkent саҳифаси орқали рўйхатдан ўтиши керак.