Мактабгача таълим вазирининг янги ўринбосари тайинланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Мактабгача таълим вазирлигида йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Таълим, соғлиқни сақлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари комплексининг раҳбари Қ.Акмалов, Мактабгача таълим вазири А.Шин, вазирликнинг бошқарма ва бўлимлари раҳбарлари ва ходимлари иштирок этишди. Йиғилишда Бош вазирининг ўринбосари Қ.Акмалов Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиеевнинг 2018 йил 6 мартдаги ПҚ-3592 сонли қарорини ўқиб эшиттирди. Президент қарорига кўра Максуджан Абдуллаевич Юлдашев Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири ўринбосари лавозимига тайинланди.

Йиғилишда таъкидланганидек, Максуджан Юлдашев 1978 йилда туғилган. 1999 йил Тошкент давлат иқтисодиёт университети бакалавриатитурасини, 2002 йил шу университет магистратурасини, 2010 йилда эса Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 2000 йили «Устоз» Республика жамғармаси услубчиси сифатида бошлаб, 2003 йилга қадар шу жамғармада услубчи ва ҳисобчи лавозимларида фаолият кўрсатган.

2003-2009 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Истеъдод» жамғармаси иқтисодчиси ва бош ҳисобчи, 2010-2012 йилларда Халқ таълими вазирлиги Назорат ва таҳлил бошқармаси бошлиғи, 2012-2016 йилларда А.Авлоний номидаги халқ таълими педагог ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш Марказий институти ректори, 2016-2017 йилларда Халқ таълими вазирлиги Таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бош бошқармаси бошлиғи ва 2017 йилдан 2018 йилнинг 6 март кунига қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони бош консультанти лавозимларида ишлаган.

Шу пайтгача Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келган Гулчеҳра Джураевна Юлдашева бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан ушбу лавозимдан озод этилди.

Вазирлик Ахборот хизмати