Ўзмиллийбанк ва Амонатбонк ўртасида муҳим ҳужжатлар имзоланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2018 йил 9 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Тожикистон Республикасига давлат ташрифи чоғида Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва Тожикистон Республикасининг «Амонатбонк» Давлат омонат банки ўртасида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга доир иккита ҳужжат имзоланди.

Ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва банклараро ҳисоб-китоб тизимини янада ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш мақсадида «Вакиллик муносабатларини ўрнатиш бўйича банклараро шартнома» имзоланди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасидан Тожикистон Республикасига товарлар ва хизматлар экспорти билан боғлиқ битимларни молиялаштиришни назарда тутувчи «Савдони молиялаштириш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишув» тузилди.

Тақдим этилаётган кредит линияси доирасида Ўзбекистон Республикасидан турли соҳаларда (тўқимачилик, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, маиший кимё маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги, электротехника, автомобилсозлик, кимё ва бошқа соҳаларда) товарлар ва хизматлар экспортини кўпайтириш мақсадида савдони молиялаштириш лойиҳаларини амалга ошириш назарда тутилмоқда.