Тошкентда “Nurli kelajak Expo-2018” кўргазмаси ўз ишини бошлади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Мактабгача таълим вазирлиги ташаббуси билан Тошкент шаҳридаги «Узэкспомарказ» да “Nurli kelajak Expo-2018” кўргазмаси ўз ишини бошлади.

Кўргазмада Қорақалпоғистон республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан озиқ-овқат, мебель, дидактик ўйин ва ўйинчоқлар, спорт ва тибиёт анжомлари, мусиқа асбоблари, ошхона асбоб-ускуналари, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи 250 дан ортиқ корхона ва тадбиркорлик субъектлари иштирок этмоқда.

Ушбу кўргазмани ташкил этишдан асосий мақсад, мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари учун озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналардан тўғридан тўғри харид қилишни йўлга қўйиш ҳамда корхонлар томонидан ишлаб чиқариладиган ўйинлар ва ўйинчоқлар, мебеллар ва бошқа жиҳозларнинг сифати, шакли, дизайни, қулайлиги, замонавийлиги ва ҳавфсизлигини ўрганишдан иборатдир. Қолаверса, мазкур кўргазма давомида озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналар билан тўғридан тўғри шартномаларни имзоланиши ҳам режалаштирилган.

Кўргазмада озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб берувчи компаниялар ва тадбиркорлик субъектлари 90 дан ортиқни ташкил этмоқда. Тошкент шаҳри, Тошкент, Наманган, Фарғона, Андижон, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларидан 80 дан ортиқ мебель ишлаб чиқарувчи компаниялар ҳам ўз маҳсулотларини кўргазмада намойиш этишмоқда.

Жорий йилнинг 1 фералидан Тошкент шаҳридаги давлат мактабгача таълим муассасаларига тадбиркорлик субъектлари томонидан тайёр овқатларни етказиб бериш бўйича туман мактабгача таълим бўлимлари билан тўғридан-тўғри шартномалар тузишга эксперимент тариқасида рухсат берилиб, бу борада бир неча мактабгача таълим муассасаларида эксперемент ўтказилмоқда. Хусусан, пойтахтимизнинг Сирғали, Олмазор ва Чилонзор туманларидаги айрим МТМда кетринг усулида овқатлантириш йўлга қўйилди.

Улар якуни бўйича эса республикамизнинг бошқа ҳудудларидаги мактабгача таълим муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этиш тартибини жорий этиш чоралари кўрилмоқда.

Шу билан бирга, миллий, маданий-тарихий қадриятларни акс эттирувчи ва болаликдан китоб ўқишга қизиқиш уйғотувчи ўқув-методик, дидактик материалларни тайёрлаш ҳамда жорий этиш ишлари ҳам замон талабларига мувофиқлаштирилмоқда.

Мазкур кўргазма мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари учун озиқ-овқат маҳсулотларини тўғридан тўғри ишлаб чиқарувчи корхоналар, шунингдек ўйинлар ва ўйинчоқлар, мебеллар ва бошқа жиҳозларни ишлаб чиқарувчиларни танлаш имкониятини яратади.

Бир сўз билан айтганда ушбу кўргазма Мактабгача таълим тизимида тарбияланувчиларни овқатлантиришни ташкил этишда шаффоф марказлаштирилган таъминот тизимини яратиш ҳамда етказиб берувчиларнинг сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини ўз вақтида ва нарх сиёсатига риоя қилган ҳолда харид тизимини йўлга қўйишда яқиндан ёрдам беради.

Кўргазма давомида Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси томонидан мактабгача таълим муассасаларига мўлжалланган таомларни пишириш бўйича мастер-класслар ҳам ўтказиш режалаштирилган.

Кўргазма ҳамкорлари: Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, “Ўзбек озиқ-овқат” холдинг компанияси, “Ўзбекозиқовқатзаҳира” уюшмаси, “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик жамияти, “Ўзвинсаноат-холдинг акциядорлик жамияти.

Кўргазма ўз ишини 14 мартга қадар давом эттиради. Вазирлик Матбуот хизмати.