"Реал Мадрид" академияси менежерлари Тошкентга ташриф буюради

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Хабарингиз бор, 2018 йилнинг январь ойида Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси президенти ва Ўзбекистон футбол федерацияси 1-вице президенти Умид Аҳмаджонов Испанияга ташриф буюриб, "Реал Мадрид" клуби академияси директори Хулио Ронко билан учрашув ўтказган эди.

Ушбу учрашувда "Қироллик клуби"нинг Real Madrid Foundation Clinic дастури асосида Ўзбекистонда "Реал Мадрид" клубининг футбол мактабини очиш, "Реал Мадрид"да фаолият юритаётган мураббийларни Ўзбекистонга олиб келиш, улар иштирокида футбол мактабларимизда машғулотлар ўтказиш, футболчилар билан ишлаш жараёнлари ҳақида ўз тажрибалари билан ўртоқлашиш бўйича келишув имзоланган эди.

Шунингдек, Real Madrid Foundation ва ЎФА ўртасида имзоланган Реал Мадрид академиясинг “Clinics” дастури доирасида Ўзбекистонда ва Испанияда болалар ва мураббийлар курсини ўтказиш бўйича ҳам ҳамкорлик келишувига эришилган.

Ушбу келишувга асосан жорий йилнинг 22 май куни юртимизга “Қироллик клуби” академиясининг менежерлари Андрес Антонио ҳамда Хуан Паблолар ташриф буюришади.

Ташриф доирасида Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти билан учрашув, матбуот анжумани ҳамда Real Madrid Foundation Clinic дастури бўйича ташкил этилаётган футбол академияси бинолари барпо этиладиган жой билан танишув тадбирлари бўлиб ўтади.

“Clinics” дастури бўйича Тошкентда болалар мураббийлари учун ўқув курслари июнь ойидан бошланишини ҳам таъкидлаб ўтиш керак.