"Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК навбатдаги Boeing 787-8 Dreamliner самолётини олади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси ҳамда “Boeing” корпорацияси навбатдаги Boeing 787-8 Dreamliner йўловчи самолётини етказиб бериш бўйича шартномани имзолади. Ушбу қўшимча самолётни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистоннинг миллий авиаташувчиси 2020 йилгача ўз паркида ушбу турдаги олтита самолётга эга бўлади.

Жорий йилнинг май ойи ўрталарида етказиб берилиши кутилаётган учинчи Dreamliner, МАК авиапаркида мавжуд бўлган аввалги иккита Boeing 787-8 Dreamlinerдан йўловчи ўриндиқларининг сони ошиғлиги - умумий сони 270 (бизнес классда 24та, иқтисод классда 246та) ва экипаж дам олиши учун алоҳида бўлинма ташкил этилганлиги билан фарқланади.

Ушбу самолётда ҳам авиакомпаниянинг бошқа Boeing-787 Dreamliner ҳаво кемаларидаги каби ёнилғи тежаш самарадорлигини ошириш, шовқин даражасини пасайтириш ва атмосферага CО2 ажраб чиқишини камайтириш имконини берувчи ГE Авиатион компаниясининг ГEнх-1Б двигателлари ўрнатилган.

Dreamliner самолётларининг келиши билан МАК авиапарки ноёб авипарк даражасига етди. Авиакомпания авиатранспорт бозоридаги талаб ва вазиятдан келиб чиқиб, ўз ҳаво флотидан унумли фойдаланмоқда, шунингдек, яқин ва узоқ йўналишларда самарали фаолият юритиб, янги йўналишларни очмоқда ва йўловчиларни узоқ масофаларга юқори даражадаги қулайлик билан ташимоқда.

Миллий авиакомпаниянинг мутахассислари замонавий техник ва технологик ускуналар билан жиҳозланган ушбу янги авиалайнерни қисқа муддатда муваффақиятли ўзлаштирдилар. Уларнинг юқори тайёрлик даражаси туфайли эксплуатация жараёнида Boeing-787 Dreamliner самолётларини 100 фоизлик ишончлиги таъминланди.

2017 йилда “Boeing” корпорацияси "Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпаниясини махсус белги билан тақдирлади. Бунга авиакомпания фаолиятида Boeing-787 Dreamliner самолётларини эксплуатация қилиш жараёнида носозликлар туфайли қатновлар қолдирилмагани ва ушланиб қолмагани сабаб бўлди.

Бугунги кунда МАК Boeing-787 Dreamliner ларида Нью-Йоркка тўғридан-тўғри парвозлар ва бошқа халқаро йўналишлардаги қатновлар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Авиакомпания йўловчилари “орзулар кемаси” бортидаги қулайлик ва хизматни юқори баҳолашлари, шубҳасиз. Ахир қулай ўриндиқлар, янгича пол қопламлари, ёритиш ва шовқин ўтказмайдиган тизимлар, шунингдек, ҳар бир йўловчи учун кўнгил очар дастурли алоҳида маниторлар ва ҳавони намлантирувчи махсус ускуналар йўловчиларга парвозларини мароқли ўтказиш имконини беради.

Таъкидлаш жоизки, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпанияси Марказий Осиёда Boeing-787 Dreamliner самолётларига буюртма берган биринчи буюртмачидир. Авиакомпания Dreamliner ларнинг тижорат эксплуатациясини 2016 йилда бошлаган. 2017 йил 27 июлда эса, Ўзбекистон миллий авиаташувчиси тарихда биринчи марта ушбу русумдаги самолётда Тошкентдан Нью-Йоркка илк узлуксиз парвозини амалга оширди.