“Бойсун баҳори” бошланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Бойсун туманида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган “Бойсун баҳори” фольклор фестивали бўлиб ўтмоқда.

Фестивалнинг очилиш маросимида мамлакатимизда маданият ва санъатни янги босқичда ривожлантириш, соҳа ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, халқимиз маънавиятини юксалтириш йўлидаги хизматларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Бундай эзгу ишлар миллий қадриятларимизни тиклаш, қадимий меросимизни, хусусан, халқ ижоди анъаналарини муҳофаза қилиш, асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этишда юксак самаралар бераётир. Минг йиллардан буён аждодларимиз қалб қўрида сақлаб, ривожлантириб келган халқ амалий санъати, халқ оғзаки ижоди сингари номоддий маданий мерос дурдоналари ҳаётимиздан мустаҳкам ўрин эгаллашига хизмат қилмоқда. Навқирон авлод қалбида Ватанга муҳаббат, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат туйғусини юксалтирмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 январдаги “Сурхондарё вилояти ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган фестиваль бетакрор ва бой маданий меросга эга воҳанинг хушманзара тоғлари қўйнида ўтказилаётганида чуқур маъно мужассам. Зеро, Бойсун – ўзининг моддий ва номоддий маданий мероси, гўзал табиати, инсониятнинг илк манзилгоҳи, ноёб қадриятлар бешиги сифатида жаҳонга танилган. Тешиктош ғори инсоният маданиятининг ўтмишдаги қадимги ўчоғи, минг йиллар аввал яратилган “Алпомиш” достони халқ оғзаки ижодининг ноёб дурдонаси сифатида дунё олимларида алоҳида қизиқиш уйғотиб келади.

Мустақиллик йилларида миллий қадриятларимизни тиклаш ва асраб-авайлашга қаратилаётган эътибор халқ амалий санъати ва халқ оғзаки ижоди каби номоддий маданий мерос дурдоналаримизга жаҳон аҳли қизиқишини янада оширди. ЮНЕСКО томонидан 2001 йил “Инсониятнинг оғзаки ва номоддий мероси дурдоналари” сифатида эътироф этилган Бойсун 2008 йилда Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилгани бунинг яққол далилидир.

Бу йил ушбу фестивалга асос солинганига 16 йил бўлди. Бироқ, нафақат юртимизда, балки кўплаб хориж давлатларида ҳам катта қизиқиш уйғотган “Бойсун баҳори” сўнгги 11 йилда ўтказилмай қолган эди.

–Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2016 йил ноябрь ойида Сурхондарё вилояти сайловчилари билан учрашувда “Бойсун баҳори” очиқ фольклор фестивалини қайта тиклаш ҳамда уни мазмунан бойитиш масаласини илгари сурди,– дейди вилоят ҳокими ўринбосари Р.Чориев,– Шунга мувофиқ, ўтган йили фестиваль қайта бўй кўрсатиб, юқори савияда ўтказилди. Бу йилги тадбирнинг янада қизиқарли, жозибали ўтиши учун алоҳида ҳозирлик кўрилди. Иштирокчилар учун ҳам, маҳаллий ва хорижлик томошабинлар учун ҳам барча шароитлар яратилди. Ҳаво шарлари келтирилди. Томошабинларга сифатли хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Бу ерда ўрнатилган ўтовлар юртимизнинг барча ҳудудларига хос қадимий урф-одат ва анъаналарни асосида безатилди. Фестиваль доирасида халқ ансамбллари ва бадиий жамоаларининг чиқишидан ташқари бахшилар кўрик-танлови, кураш мусобақалари, улоқ-кўпкари, тош кўтариш, арқон тортиш, варрак сайли, хўроз уриштириш каби қизиқарли халқ ўйинлари ташкил этиш режалаштирилган. Миллий либослар, таомлар ҳамда ёш рассомлар ижодий кўргазмалари, шунингдек, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан турли акциялар ўтказилади. Буларнинг барчаси моддий ва номоддий бойликларимизни кенг намоён этиб, туризм, айниқса эко ва зиёрат туризмини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Жорий йилги “Бойсун баҳори” очиқ фольклор фестивалида мамлакат ва халқаро танловларда фаол иштирок этиб келаётган Қорақалпоғистон Республикасининг “Бес перде”, Андижон вилоятининг “Зилол”, Бухоро вилоятининг “Вардонзе наволари”, Жиззах вилоятининг “Боғдон гуллари”, Навоий вилоятининг “Ванғози”, Наманган вилоятининг “Ёр-ёр”, Самарқанд вилоятининг “Чавқи”, Сирдарё вилоятининг “Сирдарё наволари”, Сурхондарё вилоятининг “Бойсун”, Тошкент вилоятининг “Қурама”, Тошкент шаҳрининг “Нодирабегим”, Фарғона вилоятининг “Сўх чашмаси”, Қашқадарё вилоятининг “Ойдиной” фольклор-этнографик жамоаларининг 250 дан ортиқ вакили иштирок этмоқда. Шунингдек, маҳаллий ва хорижлик меҳмонлар Тожикистон Республикасининг “Падида” театр жамоаси ва тожикистонлик машҳур хонанда Шабнам Сурайё, Афғонистон Ислом Республикасининг таниқли ҳофиз-хонандалари махсус дастурларини мириқиб томоша қилади.

Тадбирда мамлакатимиздаги дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.

Фестивалнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б.Сайфуллаев, Сурхондарё вилояти ҳокими Э.Турдимов сўзга чиқди. ЎзА.