O‘zLiDeP депутати кўмагида Янгиқўрғонда тез тиббий ёрдам шахобчаси қурилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Янгиқўрғон тумани “Сутлибулоқ” маҳалласидаги ҚВП ўтган йил мақбуллаштириш жараёнида қисқартирилиб, ҳудудудаги 7 мингдан зиёд аҳоли яшайдиган “Иттифоқ”, “Ҳақиқат” маҳаллалари тиббий хизмат муассасаларидан анча узоқлашиб қолган эди.

Ҳудуд аҳолиси бундан ташвиш чекиб тегишли идораларга мурожаат қилди. Алалоқибат, Халқ депутатлари Янгиқўрғон туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Абдураҳмон Ҳусаинов аҳолининг талаби ва мурожаатидан келиб чиқиб, олдинги ҚВП ўрнида тиббий тез ёрдам шахобчасини ташкил этиш ҳаракатига тушди.

А.Ҳусаинов бу йўлда туман тиббиёт бирлашмаси, вилоят молия бўлими ва бошқа ташкилотлар эшигини қоқишдан эринмади. Тегишли идораларга депутатлик сўрови юборди. Натижада ҳудудда тиббий тез ёрдам шахобчаси фаолияти йўлга қўйилди. Айни чоғда мазкур шахобча ихтиёрига 1 та тиббий хизмат машинаси ҳамда 11 нафар малакали шифокор бор.

– Маҳалламиз аҳли ҚВП қисқарганини эшитиб, аввалига жуда ташвишга тушди. Чунки маҳалламиз туман марказидан анча олисда, қолаверса, машина қатнови ҳам яхши эмас, – дейди маҳалла фаоли Бекмирза Бултиров. – Аммо ушбу масала тезда орада ечим топганидан хурсандмиз. Ўзимиз ишонч билдириб сайлаган депутат муаммойимизни бартараф этди.

Таъкидлаш керак, депутат кўмагида ташкил этилган ушбу тез тиббий ёрдам шахобчаси 14 минг нафар аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишга мўлжалланган. Рустам Миразимов, O‘zLiDeP Янгиқўрғон туман Кенгаши аппарат раҳбари.