Хитой компанияси Ўзбекистонда электромобиль ишлаб чиқариш ниятида

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Инновацион ривожланиш вазирлигида Changan Automobile Group компанияси вакиллари иштирокида учрашув бўлди ҳамда ҳамкорлик қилиш ва Ўзбекистон ҳудудида электр тортиш қуввати билан ишлайдиган автомобиллар ишлаб чиқариш имкониятлари муҳокама этилди. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлигининг матбуот хизмати хабар беради.

Changan компанияси вакиллари Фарғона водийсида жойлашиши мумкин бўлган электромобиллар йиғиш цехини қуриш ниятлари борлигини маълум қилдилар. Ўз навбатида, Инновация вазири ўринбосари Отабек Назиров мазкур лойиҳани амалга оширилишини жадаллаштириш учун бор имкониятларни ишга солишга, Ўзбекистоннинг тегишли ташкилотлари ва давлат органлари билан мулоқотга амалий ёрдам бериб, қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди. Томонлар тез кунларда ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолашга келишиб олишди.

Лойиҳа муваффақиятли ишга тушган тақдирда, биринчи босқичда 15-20 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш, 100–150 та иш ўринлари ташкил қилиш, бир йилда мингта йирик узелли электромобиллар (Шевроле Спарк ва Нексияга ўхшаш) йиғиш мумкин бўлади. Иккинчи босқичда эса республикадаги мавжуд корхоналарнинг қувватини жалб этган ҳолда ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилади ҳамда тўғридан-тўғри ва қўшимча иш ўринлари сони ошишига эришилади.

Таъкидлаш жоизки, Changan Automobile Group Co Ltd энг кўп автомобил ишлаб чиқарувчи Хитой автомобиль компанияларининг “катта тўртлиги” га киради. Автокомпаниянинг Ford Motor, Suzuki Motor, Mazda Motor ва PSA Peugeot Citroen каби йирик концернлар билан қўшма корхоналари мавжуд. Changanнинг бош идораси Чунцин шаҳрида жойлашган.

Ўзбекистонда мазкур компания гибрид двигателли ва бутунлай электр кучида ишлайдиган замонавий автомобиллар ишлаб чиқаришга урғу бериш ниятида. 2025 йилга келиб барча турдаги моделдаги (кичик метражли автомобиллардан тортиб купе кузовли олий тоифадаги автомобилларагача) 21 моделдаги фақат электр қуввати билан ишлайдиган янги электрмобиллар ва 12 та гибрид моделлар ишлаб чиқарилиши режалаштирилмоқда.