Сенаторлар ССП тўғрисидаги Қонунни маъқулладилар

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Сенаторлар ишни янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқиш билан давом эттирдилар. Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонини ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Таъкидланганидек, Қонуннинг мақсади интеграциялашган тадбиркорлар ҳамжамиятини шакллантириш ва тадбиркорлик субъектларининг, улар бирлашмаларининг давлат органлари билан самарали ҳамкорлигини таъминлаш, шунингдек, тадбиркорлик субъектларини кенг қамраб олиш ва уларни тадбиркорлар ҳамжамиятини шакллантириш жараёнига жалб қилишдан иборатдир.

Қонунда умумий қоидалар, Палатанинг вазифалари ва функциялари, давлат органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар билан ҳамкорлиги, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишлардаги иштироки, унинг фаолиятини ташкил этиш, халқаро ҳамкорлиги, низоларни ҳал қилиш механизми назарда тутилган.

Қонуннинг янги таҳририда тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоялаш ҳамда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятига кўмаклашиш, давлат органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш, тадбиркорлик субъектларини ўқитиш ва кадрлар тайёрлаш, ташқи иқтисодий фаолият ва чет эл инвестицияларини жалб этиш соҳаларидаги Палатанинг функциялари мустаҳкамлаб қўйилган.

Сенаторлар таъкидлаганидек, мазкур Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши тадбиркорлик субъектларини, айниқса, уларнинг фаолияти шаклланаётган даврда қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини яратишга, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга, хусусий мулк ва тадбиркорликни жадал ривожлантиришга ҳар томонлама кўмак беришга, уларнинг устувор ролини ва дахлсизлигини таъминлашга, республика туманлари ва шаҳарлари аҳолисини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилишга кўмаклашади. Сенаторлар Қонунни маъқулладилар.