Ўзбекистон ихтирочи аёллари халқаро кўргазмада юксак ўринларни забт этишди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Корея ихтирочи аёллари ассоциацияси (KWIA), Корея интеллектуал мулк офиcи (KIPO) ва Халқаро интеллектуал мулк ташкилоти (WIPO) томонидан жорий йилнинг 28 июнь – 3 июль кунлари Жанубий Кореяда 11-Корея халқаро ихтирочи аёллар кўргазмаси «KIWIE-2018» бўлиб ўтди.

Халқаро кўргазма ихтирочи аёлларнинг фан ва технология соҳасида эришаётган ютуқлари, тажрибалари ва яратган янги технологияларини ўрганиш ҳамда рағбатлантириш мақсадида ўтказилиб келинмоқда. «KIWIE-2018» кўргазмасида 30 дан зиёд давлатлардан 518 нафар ихтирочи хотин-қизлар техника, технология, медицина, озиқ-овкат, енгил саноат, кимё ва саноатнинг турли йўналишлари бўйича ўз ихтиролари ҳамда инновацион ишланмалари билан қатнашишди.

Аҳамиятлиси шундаки, мамлакатимизнинг олима аёллари ҳам Ўзбекистон Хотин-қизлар кўмитаси томонидан илк маротоба ушбу халқаро кўргазмада иштирок этиш учун юборилди.

Кўргазмада иштирок этган ихтирочи аёллар эришган натижаларини намойиш қилишди. Ўзбекистон олима аёлларининг ихтиролари халқаро экспертлар томонидан ўрганилиб, юқори баҳоланди.

Кореяда ўтказилган Халқаро ихтирочи аёллар кўргазмаси «KIWIE-2018»да Ўзбекистон олима аёлларидан профессор Карима Норқулованинг “Болғачали тегирмон” номли фойдали моделига патенти озиқ-овқат саноати йўналиши бўйича “Grand Prize”ни қўлга киритди. Шунингдек, профессор Карима Норқулованинг “Қуритиш қурилмаси” ихтиросига патенти олтин ҳамда “Тугунакларни қуритиш усули” ихтиросига патенти кумуш медални қўлга киритди. Доктор PhD Малоҳат Илҳамованинг “Болалар поябзали учун профилактик ич патак” номли фойдали моделига патенти ҳамда “Электр ўтказувчан поябзал” ихтиросига патенти кумуш медалларни ҳамда “Қиз болалар учун туфли” саноат наъмунасига патенти бронза медални, профессор Парахат Матякубованинг “Сочилувчан моддаларнинг иссиқликнам ўлчагичи” ихтиросига патенти кумуш медални қўлга киритди.

Кўргазма доирасида Халқаро форум, давра сухбатлари ўтказилди. Шунингдек, Интеллектуал мулк соҳасидаги лидер аёлларнинг Академиясида семинар ҳам ташкил қилинди. Ўзбекистон делегацияси аъзолари ҳам бу семинарда иштирок этишиб, ихтироларни амалиётга жорий қилиш ва тижоратини йўлга қўйиш бўйича ўз малакаларини ошириб сертификатлар олишди.

Шунингдек, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Инновация ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўлими бошлиғи, профессор К.Т.Норқулова мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида яратилаётган имкониятлар, ихтирочи хотин-қизлар билан амалга оширилаётган ишлар ҳақида халқаро кўргазма ва форум иштирокчилари олдида маъруза қилди.

Республикамизда мана шундай ихтирочи аёллар сафини кенгайтириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг олиб бораётган тадқиқотларининг натижаларини халқаро даражага олиб чиқиш бўйича Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси мақсадли ишларни амалга оширишда давом этади.