Ўзбекистон ва Беларусь ИИВ ҳамкорлик режасини имзолашди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Пойтахтимиздаги “Туркистон” меҳмонхонасининг конференциялар залида Ўзбекистон ва Белоруссия Республикалари Ички ишлар вазирликларининг вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари генерал-майор Даврон Назармухамедов ва бир қатор вазирлик бошқармаларининг бошлиқлари ҳамда Белоруссия Республикаси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари генерал-майор Иван Подгурский бошчилигидаги делегация аъзолари иштирок этди.

Дастлаб, генерал-майор Даврон Назармухамедов делегация таркибида бўлган ҳамкасбларига Ўзбекистонга қилган ташрифи ва барқарор ҳамкорлик учун самимий миннатдорчилик билдириб, мамлакатимизда ички ишлар органлари тизимининг ривожи ва унинг самарали фаолият олиб боришини таъминлаш учун амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда эришилаётган ютуқлар билан таништирди.

Ўз ўрнида, юртимизда меҳмон бўлиб турган Беларусь Республикасининг вакиллари ҳам самимий қутлов ва эътироф учун миннатдорчилик билдириб, бугунги учрашув улар учун ҳам мазкур соҳадаги юксак халқаро ҳамкорлик экани ҳамда Беларусь Республикаси ички ишлар тизимининг фаолияти хусусида қисқача тўхталиб ўтдилар.

Йиғилишда иштирокчилар икки мамлакат Ички ишлар вазирликлари ҳамкорлигида умумжиноят ҳатти-ҳаракатларига қарши курашиш ва қидирув ишларини олиб бориш, терроризм, экстремизм ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш соҳасида томонларнинг ўзаро маълумот алмашиш бўйича фаолиятнинг бугунги ҳолати ва келажакдаги ривожи ҳамда нарко хавф-хатарларни бартараф этиш борасидаги масалаларни қизғин муҳокама қилдилар.

Шундан сўнг, Мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳ раҳбарлари томонидан 2018-2019 йилларда Ўзбекистон ва Беларусь Республикалари Ички ишлар вазирликларининг ўзаро ҳамкорликлари тўғрисидаги ҳужжат имзоланди.