Тошкент шаҳар ИИББ делегацияси Жанубий Кореяга ташриф буюрди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Тошкент шаҳар ИИББ делегацияси Корея таклифига кўра, ушбу мамлакатга ташриф буюрди. Ташрифдан кўзланган мақсад ушбу мамлакат полицияси фаолиятини ўрганиш, тажриба алмашиш, жамоат тартибини сақлаш юзасидан ўзаро фикр алмашиш. Ташриф давомида ҳар икки мамлакат ички ишлар органлари вакилларининг қатор учрашувлари ўтказилиб, уларда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, яқин алоқаларни йўлга қўйиш ва шу орқали жиноятчиликка қарши курашиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги истиқболдаги режалар муҳокама этилмоқда.

Ташриф мобайнида делегация аъзолари Корея Республикаси полицияси миллий агентлигида бўлиб, Бош комиссар жаноб Мин Габ Ренг билан музокара олиб бордилар. Унда икки дўст мамлакат ўртасида илиқ муносабатлар ўрнатилгани, уларни янада мустаҳкалшдан томонлар манфаатдор эканликлари қайд этилди. Шунингдек, Сеул шаҳри полиция агентлиги комиссари Ли Жу Мин буилан ҳам учрашув бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳар ИИББ вакилларига ушбу ташкилотнинг асосий фаолият йўналишлари, жумладан патрул-пост ва йўл-патрул хизмати, уларнинг техник ва транспорт воситалари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Делегация аъзолари Сеул шаҳри мерияси (ҳокимлиги)да бўлиб шаҳар маъмурияти аъзолари билан учрашдилар ва “Сеул бошқарув маркази” интелектуал тизими билан танишдилар. Бўлиб ўтган брифингда эса меҳмонларга “Хавфсиз шаҳар” тизими ҳақида батафсил маълумот берилди.

Бундан ташқари, делегация аъзолари Ексам полиция участкаси, “У-Гангнам” видеокузатув назорат маркази ва “112” вазиятлар маркази ҳамда “Транспорт назорати маркази”да бўлиб, бу ерда яратилган шароитлар билан танишдилар.

Тошкент шаҳар ИИББ делегациясининг Кореяга ташрифи давом этмоқда.