1 августдаги тест синовлари натижалари эълон қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Давлат тест марказининг 2018 йил 1 августдаги расмий маълумотига кўра, республикамизнинг олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини топшириш учун икки сменада ташкил этилган тест синовларида 23 та олий таълим муассасаларининг 154 та таълим йўналишида 58 минг 985 нафар абитуриент иштирок этди. Шулардан 1 393 нафар абитуриент турли сабабларга кўра тест синовларига келмади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш учун кириш тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низоми асосида ҳар битта абитурентга тартиб-қоидалар ҳақидаги “Эслатма” берилишига қарамасдан, абитурентлар томонидан уларга риоя қилмаслик ҳолатлари кузатилмоқда.

Тест синовларига киришдан олдин хавфсизликни таъминлаш, ички тартиб-қоидаларга риоя қилиш чораларини кўриш мақсадида, Давлат тест маркази ва ички ишлар ходимлари томонидан ҳар бир кираётган абитурентлар металлодетектор ёрдамида кўрикдан ўтказилди.

Натижада, тест синовлари жараёнида тартиб-қоидаларни бузганлиги сабабли 255 нафар абитуриент, шундан 179 нафари ҳудудга кириш жойида уяли телефон, шпаргалкалар олиб киришга уринганлиги учун, 76 нафари бино ичида шпаргалкадан фойдаланишга уринганлиги учун тест синовларидан четлаштирилди.