Достон Ёқубов кумуш медал соҳиби!

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Индонезияда бўлиб ўтаётган Осиё ўйинларида оғир атлетика бўйича -69кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Достон Ёқубов кумуш медални қўлга киритди.

У даст кўтаришда 145, силтаб кўтаришда эса 186 кг тошни ўзига бўйсундирди. Умумий ҳисобда эса 331 кг натижа қайд этиб, мусобақада иккинчи бўлди.

Бу бугунги баҳсларда спортчиларимиз томонидан қўлга киритилган иккинчи медал ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, бироз аввалроқ таэквондо баҳсларида ҳамюртимиз Никита Рафалович Осиё ўйинлари чемпиони бўлганди.