Ўзбекистон-Белорусь 231 млн. долларлик шартнома имзолашди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон-Белорусь бизнес-минтақавий форумида ҳамда кооперацион биржада ўзбек ва белорус ишбилармон доираларининг 500 га яқин вакиллари, шунингдек, икки мамлакат вазирликлари ва идоралари вакиллари иштирок этди. Тадбир 2018 йил 12 сентябрь куни Тошкент шаҳрида, Беларусь Республикаси Президенти А.Лукашенконинг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида ташкил этилди. Ташкилотчилар Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги ва икки мамлакат савдо-саноат палаталари бўлди. Бу ҳақда Ташқи савдо вазирлиги Матбуот хизмати хабар беради.

Форумда умумий қиймати 193,3 миллион доллар бўлган 82 та экспорт-импорт шартномалари имзоланди ва умумий қиймати 38 миллион доллар бўлган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди. Келгуси йилларда тахминан 20 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Бундан ташқари, Тошкент шаҳрининг марказида Олой бозори ҳудудида Беларусь маҳсулотлари дўкони ўз фаолиятини бошлади ва Минскда ҳудди шундай ўзбек маҳсулолари дўконини очиш бўйича фаол иш олиб борилмоқда.

Бизнес-форум давомида ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш учун икки мамлакат ўртасида минтақалараро алоқаларни ўрнатиш муҳимлиги таъкидланди. Томонлар Минск, Брест, Витебск, Могилев ва Гомель вилоятларида ва Минск шарида Ўзбекистон ҳудудлари вакилларининг ташрифи чоғида ўтказилган учрашувлар ва музокаралар натижаларининг юқори самарадорлигини қайд этдилар.

- Ўзбекистон ва Беларусь ишбилармонлари ўртасидаги минтақалараро ҳамкорликни фаоллаштириш мақсадида Тошкент ва Минск савдо-саноат палаталари, шунингдек, Тошкент ва Гомель вилоятларидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар имзоланди, – Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов ўзининг маърузасида таъкидлади.

Томонлар стандартлаштириш идоралари ўртасида икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, жаҳон стандартларини қўллаш бўйича ўзаро тажриба алмашиш, халқаро сертификатлаштириш идораларида лабораторияларни аккредитация қилиш ва кадрларни тайёрлашнинг самарали тизимини яратишдан манфаатдор эканлигини билдирди.