Президент Шавкат Мирзиёев Лувр музейида бўлди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Президент Шавкат Мирзиёев Лувр музейига ташриф буюрди. Дунёдаги энг машҳур музейлардан бири бўлмиш Лувр Франциянинг ўзига хос “ташриф қоғози”дир. У бадиий коллекцияси бўйича жаҳонда биринчи, майдонининг катталиги бўйича иккинчи ўринда туради. Ушбу музейга ҳар йили қарийб 10 миллион сайёҳ ташриф буюради. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати хабар беради.

Музей биноси 1190 йилда Франция қироли Филиппе Августе томонидан қалъа сифатида бунёд этилган. Лувр сўзи мазкур мудофаа қўрғони номидан олинган. У бир неча аср давомида Франция қиролларининг қароргоҳи бўлган. Кейинчалик Версал саройи қурилгач, 1793 йилда музейга айлантирилган.

Лувр музейида эрамиздан аввалги 7 асрдан ҳозирги давргача мансуб бўлган 300 мингдан зиёд экспонат сақланади. Музей залларида уларнинг фақат 35 мингтасигина намойиш этилади. “Милослик Венера” ҳайкали ва Хаммурапи қонунлари устуни, Леонардо да Винчининг “Жоконда” ва Ян Вермеернинг “Чевар қиз” картиналари улар орасида энг машҳурларидир.

Музей экспонатлари 6 та коллекцияга ажратилган. Шарқ коллекциясининг ўзи 24 та зални эгаллаган. У ерда мамлакатимиз тарихига оид минглаб ашёлар бор. Жумладан, Амир Темур бобомизнинг Қирол Шарл VIга ёзган мактуби, Аҳмад Яссавий мақбараси учун Соҳибқирон ясаттирган шамдонлардан бири, қадимий қурол-аслаҳалар, қабртошлардаги битиклар ва бошқа буюмлар буюк ўтмишдан сўзлайди.

Давлатимиз раҳбари ушбу экспонатларни томоша қилди, уларнинг тарихи билан қизиқди. Ўзбекистон ва Франция музейлари ҳамкорлигида кўргазмалар ташкил этиш, олимлар ўртасида илмий ва маданий алоқаларни кенгайтириш зарурлигини қайд этди.