Ўзбeкистонда ташқи савдо айланмаси 25 768,3 млн. АҚШ долларини ташкил этди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2018 йил январь – октябрь ойлари якунларига кўра, республикада ташқи савдо айланмаси 25 768,3 млн. АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15,9% га ўсди.

Шу жумладан, экспорт ҳажми 10 258,0 млн. АҚШ долларга ( 4,1%га камайган) ва импорт ҳажми 15 510,3 млн. АҚШ долларига (ўсиш суръати 34,4%) етди.

Ташқи савдо салдоси минус 5 252,3 млн. АҚШ долларини ташкил қилди. Сўнгги йилларда ҳукуматимиз томонидан саноат тузилмасини диверсификасия қилиниши, экспортни қўллаб-қувватлаш, импорт ўрнини босувчи товар ва маҳсулотларни ишлаб чиқаришни янада оширилиши натижасида экспорт таркибида сезиларли ўзгаришга эришилди.

Жумладан, хомашё экспортидан, қўшилган қиймати юқори ҳамда сармоя талаб товарлар экспортига йўналтирилган ташқи савдо амалга оширилмоқда.

Мисол тариқасида, пахта толасининг умумий экспортдаги улуши бўйича ўзгариш тенденцияларини кўришимиз мумкин. 2015 йил январь – октябрь ойларида пахта толаси экспорти умумий экспортнинг 4,1% ини ташкил этган бўлиб, жами экспорт ҳажми 296,1 минг тоннага етган бўлса, 2016 йилнинг январь-октябрь ойларида жами 295,5 минг тонна пахта толаси экспорт қилинган.

2017 йил январь-октябрь ойлари натижаларига кўра, эса пахта толасининг умумий экспортдаги улуши 3,1% гача камайиб, экспорт ҳажми 204,8 минг тоннани ташкил қилди.

Мазкур ўзгариш тенденциясини эса пахта хомашёсини юқори қўшилган қийматга эга бўлган тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспортга йўналтирилиши билан изоҳлашимиз мумкин бўлади.

Жорий йилнинг январь-октябрь ойлари якунларига назар ташласак, пахта толасининг умумий экспортдаги улуши аввалги йилларнинг шу даврига нисбатан сезиларли даражада камайганини кўришимиз мумкин.

Ушбу даврда жами 101,5 минг тонна пахта толаси экспорт қилинган. Шу билан бирга таъкидлаб ўтиш керакки, 2018 йилнинг октябрь ойида экспорт қилинган товар ва хизматлар, сентябрь ойига нисбатан 102,9 млн. АҚШ долларга камроқ экспорт қилинди ва 788,4 млн. АҚШ долларини ташкил этди.

Товар ва хизматлар импорти ҳажми эса 1837,0 млн. АҚШ долларини ташкил қилган бўлиб, бу эса сентябрь ойига нисбатан 183,9 млн. АҚШ долларига кўпроқдир.