Депутатлар Давлат бюджетининг 2018 йил 9 ойидаги ижросини муҳокама қилдилар

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2018 йил 17 ноябрь санасининг иккинчи ярмида депутатлар ўз ишларини давом эттирдилар. Унда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2018 йил тўққиз ойидаги ижроси муҳокама қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати хабар беради.

Мажлисда таъкидланганидек, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган устувор вазифаларни изчил амалга ошириш ҳамда жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий соҳаларини тубдан ривожлантириш, бунга масъул идоралар фаолиятини таркибий ўзгартириш бўйича олиб борилган ислоҳотлар ижроси натижасида 2018 йилнинг тўққиз ойи давомида иқтисодиётнинг барқарор, мувозанатли тарзда ривожланиши ҳамда иқтисодий ўсишнинг юқори суръатлари таъминланди.

Илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда, пул-кредит сиёсатини янада такомиллаштириш, валютани тартибга солишнинг замонавий бозор механизмларини жорий этиш, саноат тузилмасининг диверсификация қилиниши бўйича кўрилган чора-тадбирлар мамлакат иқтисодиётига хорижий инвестицияларни кенг жалб қилишга, экспортни қўллаб-қувватлашга, замонавий, импорт ўрнини босувчи товар ва маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини янада оширишга, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари учун ташқи савдо фаолиятини амалга ошириш чоғида тенг шароитлар яратилишига имкон берди.

Депутатлар бюджетлараро муносабатларнинг ва солиққа оид маъмуриятчиликнинг замонавий механизмлари жорий этилаётганини қайд этиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 июнда қабул қилинган «Маҳаллий бюджетларни шакллантиришда жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг ваколатларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида, 2018 йилнинг тўққиз ойида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетига 220,2 млрд. сўмлик қўшимча даромадлар келиб тушганини таъкидладилар. Ушбу маблағлар аҳолининг реал даромадларини, ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, республика бюджетидан молиялаштиришга бўлган боғлиқликни камайтириш, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эркинлигини кучайтиришга имкон бергани қайд этилди.

Ҳисобот даврида Давлат бюджети харажатларининг ижтимоий йўналтирилганлиги сақланиб қолинди. Ижтимоий соҳани молиялаштириш учун харажатлар умумий ҳажмининг 53,4 фоизи миқдорида маблағ ажратилди.

Ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга ажратилган маблағларнинг қарийб 65,8 фоизи иш ҳақи ва иш ҳақига нисбатан ажратма тўловларини молиялаштиришга йўналтирилган.

Депутатлар ҳисобот даврида таълим тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга, таълим жараёни даражаси ҳамда сифатини оширишга қаратилган таълим стандартлари ва дастурларини мукаммаллаштиришга, мактабгача таълим муассасалари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ҳамда олий ўқув юртлари ходимларининг иш ҳақи, моддий-техника базасини мустаҳкамлашга биринчи даражали эътибор қаратдилар. Хусусан, халқ таълими муассасаларини сақлаш ва ривожлантириш харажатларини молиялаштиришга Давлат бюджетидан 13,6 трлн. сўм миқдорида маблағ ажратилгани диққатга молик дея баҳоланди.

Шу билан бирга, парламент вакиллари бу борада йўл қўйилган сусткашликларга ҳам алоҳида эътибор қаратдилар. Ҳисобот даврида таълим тизими муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантириш харажатларига ажратилган 92 млрд. сўмлик маблағ ўзлаштирилиши таъминланмагани танқид қилинди.

2018 йилнинг тўққиз ойида Давлат бюджетидан илм-фанни ривожлантиришга молиялаштирилган 213,3 млрд. сўм маблағнинг 123,2 млрд. сўми ёки 60 фоизи тегишли давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган илмий-техника лойиҳаларини молиялаштиришга, шу жумладан, 104,1 млрд. сўми фундаментал ва амалий илмий-техника ҳамда 19,1 млрд. сўми инновацион лойиҳаларни молиялаштириш харажатларига йўналтирилган.

Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва унинг турмуш фаровонлигини ошириш харажатларига Давлат бюджетидан 2 136,5 млрд. сўм миқдорида маблағлар сарфланган. Ушбу маблағлар 14 ёшгача боласи бор оилаларга, боласи 2 ёшга тўлгунга қадар ишламайдиган оналарга, кам даромадли оилаларга тўланадиган моддий ёрдам, бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақага, алоҳида тоифадаги фуқароларга уй-жой коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича имтиёзларни қоплаш учун қаратиладиган компенсация тўловларига, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги муҳтож оилаларга бир марта бериладиган моддий ёрдам учун йўналтирилган.

Депутатлар тиббиёт муассасаларини молиялаш масалаларини ҳам атрофлича муҳокама қилдилар. Соғлиқни сақлаш соҳасидаги турли давлат дастурларини бажаришга доир чора-тадбирлар туфайли Давлат бюджетидан 6,57 трлн. сўм ёки ижтимоий соҳага йўналтирилган умумий харажатларнинг 22,7 фоизи миқдорида маблағ ажратилгани таъкидланди.

Муҳокамалар давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати қарорлари асосида соғлиқни сақлаш соҳасининг айрим тадбирларини амалга ошириш учун ажратилган маблағларнинг 129,9 млрд. сўми ўзлаштирилмай қолгани танқид остига олинди.

Йиғилишда, айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги «Обод қишлоқ» дастури тўғрисида»ги ва 2018 йил 27 июндаги «Обод маҳалла» дастури тўғрисида»ги каби муҳим фармонларининг ижроси ҳам таҳлил қилинди. Боиси, мазкур фармонлар билан тасдиқланган дастурларда маҳаллаларнинг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш ҳамда шу асосда аҳолининг турмуш даражаси ва маданиятини юксалтириш кўзда тутилган.

Жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра, «Обод қишлоқ» дастурининг ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан маҳаллий бюджетларнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан 474,5 млрд. сўм маблағ йўналтирилган. Бундан ташқари, жорий йилнинг апрель-сентябрь ойларида республика бюджети маблағлари ҳисобидан 619,6 млрд. сўм Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги «Обод қишлоқ» жамғармаларига ўтказиб бериш учун тегишли маҳаллий бюджетларга ажратилган.

«Обод маҳалла» дастурида кўзда тутилган тадбирларни молиялаштиришга Давлат бюджетидан 214,2 млрд. сўм маблағ йўналтирилган.

Ҳисобот даврида маҳаллий бюджетларнинг даромад қисми прогноз кўрсаткичларига нисбатан 121,3 фоизга бажарилган.

2018 йилнинг тўққиз ойида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг маҳаллий бюджет маблағларини бошқариш бўйича мустақиллигини ошириш, бюджет ижросининг марказга боғлиқлигини кескин камайтириш жараёнларини чуқурлаштириш, маҳаллий ҳокимликларни маҳаллий бюджетларни шакллантириш, маблағлардан самарали фойдаланишда масъулияти ва жавобгарлигини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилган. Мазкур чора-тадбирлар натижасида ҳисобот даврида маҳаллий бюджетларда шаклланган қўшимча даромадлар миқдори 2,9 трлн. сўмни ташкил этди ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 5,8 баробарга кўп маблағ улар ихтиёрида қолдирилди. Ушбу маблағларнинг бир қисми, ўз навбатида, маҳаллий бюджетлар ҳисобидан молиялаштирилиши режалаштирилган давлат дастурларини маблағ билан таъминлашга йўналтирилмоқда.

Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2018 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот ҳар томонлама қизғин муҳокама қилиниб, депутатлар томонидан тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилинди.