Ўзбекистон Элчиси ЙХҲТ Бош котибига ишонч ёрлиқларини топширди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2018 йилнинг 30 ноябрь куни Ўзбекистоннинг Австрия Республикасидаги Элчиси Шерзод Асадов ЙХҲТ Бош котиби Томас Гремингерга мамлакатимизнинг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотидаги Доимий вакили сифатида ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда ЎзР ТИВ Матбуот хизмати хабар беради.

Маросимдан сўнг бўлиб ўтган суҳбат чоғида Томас Гремингер ЙХҲТ ва Ўзбекистон ўртасидаги жадал ривожланиб бораётган ҳамкорликка юксак баҳо берди.

Бош котибнинг сўзларига кўра, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар Ўзбекистонни сиёсий ривожланишнинг янги босқичига олиб чиқди ва ЙХҲТ билан ҳамкорликни кенгайтириш учун аниқ имкониятлар яратди.

Алоҳида қайд этилганидек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожланиш стратегиясининг устувор йўналишлари ЙХҲТнинг барча йўналишлардаги мақсад ва устувор вазифаларига тўлиқ мос келади.

Томас Гремингер таъкидлашича, сўнгги вақтларда ташкилот делегацияларининг Ўзбекистонга амалга оширган ташрифлари якунлари Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада самарали давом эттиришга ишонч ҳосил қилиш имконини берди.