АҚШ Давлат котиби Ўзбекистонда дин эркинлигини таъминлаш борасидаги ишларни тан олди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Кеча, 11 декабрь куни АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео Ўзбекистонни “Алоҳида хавотирга сабаб бўлувчи мамлакатлар рўйхати”дан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги элчихонаси маълум қилган.

Помпео ўз қарори билан Ўзбекистонда дин эркинлигини таъминлаш борасидаги ишларни ҳам тан олган.

АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистоннинг диний эркинлик соҳасида амалга оширган ишларини илк бор диний эркинликни ривожлантириш бўйича вазирликлар конференциясида таъкидлаб ўтганди. Анжуманда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этган эди.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси Қўшма Штатларнинг алоҳида топшириқлар бўйича элчиси Сэм Браунбек бошчилигидаги делегация малакатда диний эркинлик борасида олиб борилган ва давом этаётган ишлар билан яқиндан танишишга муваффақ бўлганини қайд этган.