Алишер Усмонов 8 миллион долларга тенг бўлган 4 923 номдаги нодир китоблар коллекциясини туҳфа қилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Мамлакатимизда бунёд этилаётган Ислом цивилизацияси марказига ватандошимиз, айни пайтда Россия Федерациясида истиқомат қилиб келаётган тадбиркор Алишер Усмонов қиймати 8 миллион долларга тенг бўлган 4 923 номдаги нодир китоблар коллекциясини туҳфа қилди.

Ушбу бебаҳо коллекциядан шарқшунослик ва ислом оламининг Европага таъсирига доир XIII асрдан бошлаб то ҳозирга қадар чоп этилган лотин, инглиз, француз, немис тилидаги ноёб китоблар жамланган. Нодир китоблар орасида Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” китобининг илк лотинча таржимаси ҳам бор. Шунингдек, ўта ноёб саналган “Мусулмон манбааларини таржима қилиш учун лотинча-арабча луғат” номли қўлланма ҳам мавжуд.

Бу ҳақда Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров Ўзбекистон миллий аҳборот агентлигига маълум қилган.