2022 йилгача Ўзбекистонни Doing Business рейтингида 20-ўринга кўтариш мақсади қўйилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Президент Шавкат Мирзиёев 5 февраль куни Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» (Doing Business) йиллик ҳисоботида Ўзбекистон рейтингини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорни имзолади.

2018 йил якунлари бўйича Ўзбекистон мазкур рейтингда 190 давлат орасида 76-ўринни эгаллади. 2014 йилги ҳисоботда эса Ўзбекистон 146-поғонани эгаллаган. Вазият яхшиланганига қарамасдан, «амалиётда, хусусан, қурилишга рухсатномалар олишда, мулкни рўйхатдан ўтказишда ва ташқи савдо операцияларини амалга оширишда тадбиркорлик субъектлари дуч келаётган ортиқча бюрократик тартиб-таомиллар ҳанузгача сақланиб қолмоқда», дейилади давлат раҳбари қарорида.

Ҳужжатда Жаҳон банки ва бошқа халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботида Ўзбекистон рейтингини янада яхшилаш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди ҳамда 2022 йилгача Doing Business рейтингида 20-ўринга кўтарилиш мақсади қўйилди.