Латвиянинг SIA“SV Gulbis” компанияси замонавий логистика марказини ташкил этиш ниятида

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- “Ўзбекистон темир йўллари” аксиядорлик жамиятида Латвиянинг SIA“SV Gulbis” компанияси раҳбари Вячеслав Новиков билан учрашув бўлиб ўтди. Унда “Ўзтемирйўлконтейнер” аксиядорлик жамияти ҳудудида тўғридан-тўғри чет эл инвестицияси эвазига бунёд этилиши кутилаётган замонавий логистика марказини ташкил этиш бўйича музокаралар олиб борилди.

Таъкидланишича, унинг умумий майдони 16 гектар бўлиб, 20 минг кв.м контейнер терминали учун ажратилган. Бу ерда 25 минг кв.м.да ёпиқ турдаги омбор, 14 минг кв.м.да ёғоч ва метал маҳсулотларини сақлаш учун мажмуа қурилади. шунингдек, ҳудудда сервис маркази, божхона хизмати, омборларни бошқариш тизими, маъмурият биноси каби иншоотлар қад ростлайди. Янги ташкил этилаётган логистика маркази йилига 3 млн. тонна юк қабул қилиш имкониятига эга бўлади.

Эътиборлиси, бу ерда қўшимча 350 та янги иш ўринлари ташкил этилади. Юк саройида юк автомобиллари учун ҳам бир қатор қулайликлар яратилиб, у эрда швеция ва Германия давлатларининг техника ва технологияларини ўрнатиш кўзда тутилган.

Логистика марказида темир йўл вагонларни саралаш, ортиш ва тушуриш ишлари, юкларни сақлаш, рўйҳатдан ўтказиш, маркировка хизматлари кўрсатилади. Марказни жорий йил сўнггида фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Учрашув сўнггида SIA“SV Gulbis” компанияси ва “Ўзтемирйўлконтейнер” аксиядорлик жамияти ўртасида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш борасида меморандум имзоланди.

Манбаа: “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ расмий сайти.