Банкларнинг умумий капитали 7,8 трлн. сўмдан ошди

Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) -- 2016 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистон банкларнинг умумий капитали 7,8 трлн. сўмдан ошди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар бермоқда.

Бугунги кунда банк тизими капиталининг етарлилик даражаси 23,3 фоизни ташкил этиб, у халқаро банк назорати бўйича Базель қўмитаси томонидан 8 фоиз қилиб белгиланган талабга нисбатан қарийб 3 баробарга зиёд демакдир.

Банк тизимининг жорий ликвидлик даражаси бир неча йилдан буён 64,5 фоиздан юқори бўлиб, бу кўрсаткич ҳам жаҳон амалиётида умумқабул қилинган минимал кўрсаткичдан 2 баробар юқоридир.

Банк активлари ўтган йилга нисбатан 25,1 фоиз ўсиб, бугунги кунда 65,2 трлн. сўмга етди.

Ҳисобот йилида иқтисодиётнинг реал секторига йўналтирилган кредитларнинг умумий ҳажми 2014 йилга нисбатан 27,3 фоиз кўпайиб, 2016 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, 42,7 трлн. сўмдан ортди.

Банкларнинг инвестиция мақсадларига ажратилган кредитлари ҳажми ҳам 2014 йилга нисбатан 1,2 баробар ошиб, 2016 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра 10,2 трлн. сўмни ташкил қилди.

Давлатимиз раҳбарининг кичик бизнесни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш борасида илгари суриган вазифалари ижросини таъминлаш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди ва натижада соҳа субектларига ажратилган кредитлар ҳажми ўтган йилга нисбатан 1,3 баробар кўпайиб, 2016 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра 12,1 трлн. сўмдан ортди.

Жумладан, микрокредитлар ҳажми 2,5 трлн. сўмдан ошиб, бу кўрсаткич ҳам ўтган йилга нисбатан 1,3 баробардан зиёдга ўсди.

Тижорат банклари томонидан аёлларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган кредитлар ҳажми ўтган йилга нисбатан 1,3 баробар ўсиб, шу йилнинг 1 январь ҳолатига кўра 1,2 трлн. сўмдан ошиб кетди.

Шунингдек, банклар томонидан ёшларни, айниқса касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, уларнинг бизнес лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлашга ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Ўтган йили мазкур йўналишга ажратилган кредитлар 277,8 млрд. сўмни ташкил этди ёки 2014 йилга нисбатан қарийб 1,4 баробар ўсиши таъминланди.

Тижорат банкларининг ресурс базасини кўпайтириш борасида амалга ошираётган ишлари натижасида жами депозитлар миқдори йилдан йилга ошиб бормоқда. Хусусан, ушбу кўрсаткич 2014 йилга нисбатан 28 фоиз ўсиб, 2016 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра 35,6 трлн. сўмдан ортди.

Муомалага чиқарилган пластик карточкалар сони йил сайин ортиб, уларнинг умумий сони бугунги кунга келиб 16,3 млн. донадан ошди, савдо ва хизмат кўрсатиш шахобчаларига ўрнатилган ҳисоб-китоб терминаллари сони эса 183,1 мингтага етди.