Корпоратив бошқарув маркази MBA дастурига қабул қилиш бошланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази «Бизнесни бошқариш магистри» («Master of Business Administration – MBA») мутахассислиги бўйича 2016/17 ўқув йиллари учун магистратурага қабул тўғрисида эълон қилади.

Ўқиш кундузги шаклда икки йиллик магистратура таълим дастури бўйича контракт-тўлов асосида ташкил этилади. Битирувчиларга магистр даражаси ва давлат намунасидаги диплом берилади.

Таълим жаҳон андозалари бўйича ишлаб чиқилган ўқув дастурлар асосида олиб борилади ва тингловчилар ўқув-амалиётларни (стажировка) мамлакатимиз ва хорижнинг етакчи компания ва корпорацияларида ўташади.

Магистратурага олий маълумотли, олий таълим муассасасини битиргандан сўнг камида уч йиллик иш стажига эга 40 ёшгача бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари орасидан хўжалик бошқаруви органлари, акциядорлик жамиятлари ва бошқа тадбиркорлик субъектларининг раҳбар ходимлари ва мутахассислари тест синовлари йўли билан очиқ танлов асосида қабул қилинадилар.

Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази магистратураси тингловчилари учун ўқиш даврида улар эгаллаб турган иш ўринлари (лавозимлари) ва иш ҳақи сақлаб қолинади. Ҳужжатларни қабул қилиш муддати: 2016 йилнинг 20 июлидан 20 августгача.