Ўзбекистон аҳолисининг сони 31,8 млн. нафардан ортиб кетди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикасининг доимий аҳолиси сони 2016-йил 1-июль ҳолатига 31,8 млн. нафарлан ортиб кетиб, йил бошига нисбатан 231,7 минг кишига ёки 0,7 фоизга ўсган. Жумладан, шаҳар аҳолиси сони 16,1 млн. нафарни (жами аҳоли сонига нисбатан 50,6%), қишлоқ аҳолиси сони 15,7 млн. нафарни (жами аҳоли сонига нисбатан 49,4%) ташкил этди, деб хабар беради Ўзбекистон статистика қўмитаси.

2016-йилнинг январь-июнь даврида 318,0 минг нафар бола туғилиб, мос равишда туғилиш коэффициенти 20,2 промиллени ташкил қилди (2015-йилда 20,2 промилле бўлган).

2016-йилнинг январь-июнь ойларида 73,9 мингта ўлим қайд этилган бўлиб, мос равишда ўлим коэффициенти 4,7 промиллени ташкил этди.

2016-йилнинг январь-июнь ойларида ФҲДЁ органлари томонидан 92,4 мингта никоҳ ва 14,8 мингта никоҳдан ажралишлар қайд этилган. Республика бўйича никоҳ тузиш коэффициенти 5,9 промиллени, никоҳдан ажралиш коэффициенти эса 0,9 промиллени ташкил этди.