Судьялар, судьялик лавозимига номзод ва суд ходимларининг узлуксиз таълими: хорижий ва миллий амалиёт

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2016-йил 22-июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди мажлислар залида, судьялар, судьялик лавозимига номзод ва суд ходимларини тайёрлаш ва малакасини оширишда хорижий ва миллий амалиётни муҳокама қилишга бағишланган “давра суҳбати” бўлиб ўтди. Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID) ҳамда БМТ Тараққиёт Дастури ўртасида биргаликда амалга оширилаётган “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси томонидан қонун устуворлиги ва одил судлов тизимига мурожаат этиш имкониятини кенгайтириш масалалари бўйича ҳалқаро эксперт Жоанна Брукснинг (Буюк Британия) Ўзбекистонга ташрифи доирасида ташкиллаштирилган.

Судьялар ўз фаолияти давомида амалдаги қонун ҳужжатларини адолатли тарзда ва бир хилда қўллай олишлари учун ўз профессионал маҳоратини доимий равишда ошириб боришлари лозим. “Судьяларнинг одоб-ахлоқи Қоидалари” да ҳам, судья ўз малакасини юқори даражада ушлаб туришга, назарий билимлари ва амалий кўникмаларини такомиллаштириб боришга мажбурлиги қайд этилган. Шу боис узлуксиз таълим олиш ва ўз малакасини ошириб бориш судьянинг одил судловни амалга ошириш бўйича фаолиятининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.

Судьялар малакасини оширишнинг қонун устуворлигини таъминлашдаги муҳим ўрнини инобатга олган ҳолда, қўшма лойиҳа доирасида, мазкур соҳада мавжуд хорижий ва миллий амалиётнинг таҳлили ҳамда “Ўзбекистон Республикасида судьялар, судьялик лавозимига номзод ва суд ходимларини тайёрлаш ва малакасини ошириш механизмларини янада такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар режаси” лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Мазкур чора-тадбирлар режасини қонун устуворлиги ва одил судлов тизимига мурожаат этиш имкониятини кенгайтириш масалалари бўйича ҳалқаро эксперт Жоанна Брукс кўмагида Олий суд, Олий ҳўжалик суди, Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази ва Тошкент давлат юридик университети вакилларидан иборат маҳаллий консультантлар гуруҳи ишлаб чиқмоқдалар.

“Давра суҳбати” давомида хорижий эксперт Франция, Германия, Япония ва Корея каби хорижий мамалакатларнинг судьялар, судьялик лавозимига номзод ва суд ходимларини тайёрлаш ва малакасини ошириш тажрибаси таҳлилининг натижаларини тақдим этди.

“Ўтган йиллар давомида, Ўзбекистон Республикасида судьялар, судьялик лавозимига номзод ва суд ходимларини тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими бир қатор самарали ислоҳотлар ҳамда етакчи хорижий амалиётнинг жорий этилиши натижасида сезиларли даражада такомиллаштирилди. Хатто, ҳозирда Ўзбекистонда мавжуд амалиёт минтақада энг етакчи амалиётлардан бири ҳисобланади” – дейди Жоанна Брукс. “Бироқ, халқаро миқёсда, бугунги кунда, судьялар, судьялик лавозимига номзод ва суд ходимларини тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида Ўзбекистонда ҳам жорий этилиш мумкин бўлган бир нечта асосий тенденциялари мавжуд. Булар –танлаш ва тайинлаш босқичларида судьяларни психологик тестлардан ўтқазиш, суд ҳужжатларини тузишда судьяларнинг ёзма кўникмаларини ривожлантириш, ҳамда судьяларнинг замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш бўйича кўникмаларини мустаҳкамлашдир”.

Бундан ташқари, маҳаллий экспертлар томонидан Ўзбекистон Республикасида судьялар, судьялик лавозимига номзод ва суд ходимларини тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимининг ҳолатини ўрганиб чиқиб, ўз таҳлилларининг натижаларини тақдим этишди.

Айтиб ўтилган маҳаллий ва хорижий экспертлардан ташкил топган ишчи гуруҳи томонидан судлар фаолиятига АКТларни жорий этилишини инобатга олган ҳолда “Ўзбекистон Республикасида судьялар, судьялик лавозимига номзод ва суд ходимларини тайёрлаш ва малакасини ошириш механизмларини янада такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар режаси”нинг ишлаб чиқилиши ва тақдим этилиши кутилмоқда. Мазкур ҳужжат, мамлакатимизда суд тизимидаги кадрларни тайёрлаш жорий тизимининг такомиллаштирилиши, ҳамда келгусида, юқори малакали ва ваколатли судьялар корпусининг шаклланишига кўмаклашади.

*Жоанна Брукс (Буюк Британия) қонун устуворлиги ва одил судлов тизимига мурожаат этиш имкониятини кенгайтириш масалалари бўйича ҳалқаро эксперт бўлиб, судьялар, судьялик лавозимига номзод ва суд ходимларини тайёрлаш ва малакасини ошириш масалаларида ихтисослашади. Жоанна Брукс Сербия, Норвегия, Узбекистан, Бангладеш, Непал каби мамлакатларда мазкур йўналишда лойиҳаларни ва тадқиқотларни амалга оширишда 15 йилдан зиёд тажрибага эга. Таъкидлаш керак, Жоанна Брукс 2013 йилда Ўзбекистонга ташрифи чоғида “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳасининг иш режасининг ишлаб чиқилишига ўз ҳиссасини қўшди.