Қўқон шаҳар мусиқали драма театри биноси фойдаланишга топширилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Қўқон шаҳар мусиқали драма театри биноси реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди.

Театр янги биносининг очилиши катта шодиёнага айланди. Унда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда миллий театр санъатини ривожлантириш, санъатимизнинг мумтоз анъаналарини асраб-авайлаш, янги саҳна асарлари яратиш масалаларига қаратилган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Фарғона вилоятида ҳам театрлар фаолиятини такомиллаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Кейинги уч йилда Фарғона шаҳрида театр-концерт саройи, вилоят қўғирчоқ театри қурилди, вилоят рус драма театрининг биноси реконструкция қилинди, деб хабар беради ЎзА.

Қайта реконструкция қилинган Қўқон шаҳар мусиқали драма театри биноси ҳам санъат ихлосмандлари, театр фидойилари, кенг жамоатчилик учун ўзига хос туҳфа бўлди.

Мазкур санъат масканида яратилган “Бой ила хизматчи”, “Муқимий”, “Ёрилтош”, “Номус”, “Тоҳир ва Зуҳра” каби саҳна асарлари минглаб томошабинларга инсонийлик, адолат ва эзгулик, меҳр-оқибат, олижанобликдан сабоқ бергани, уларни гўзаллик ва нафосат оламига ошно этиб келаётгани таҳсинга сазовордир. Айни пайтда бу борадаги ишлар давом эттирилиб, ижодий жамоа томонидан янги саҳна асарлари устида иш олиб борилмоқда.

Театр биносини реконструкция қилиш ишлари “Ҳосил-2001” хусусий корхонаси қурувчилари томонидан амалга оширилиб, 2 миллиард 400 миллион сўм маблағ сарфланди. Томоша зали, фойеда томошабинлар учун барча шароит яратилди. Зал, саҳна ёритиш ва овоз кучайтириш ускуналари билан жиҳозланди. Театр ҳудуди ободонлаштирилди.

Вилоят мусиқали драма театри, қўғирчоқ театри, вилоят рус драма театри ва Қўқон шаҳар мусиқали драма театрига мамлакатимизда ишлаб чиқарилган “Isuzu” автобуслари топширилди.