UMS 56 та янги 3G база станциясини ишга туширди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- UMS (Universal Mobile Systems) мобил оператори шу йилнинг ноябрь ойида Наманган ва Фарғона вилоятларининг шаҳар ва туманларида 56 та янги UMTS 2100 стандартида ишлайдиган база станциясини тижорий фойдаланишга топширди.

UMS компанияси LTE технологиясини кескин ривожлантириш ва 2G тармоқларини модернизация қилиш ишлари билан бир қаторда Ўзбекистон ҳудудларида тезкор Интернетнинг энг оммабоп технологияси бўлган 3Gнинг сифатини оширишга бел боғлаган. Қишлоқ жойларида 3G тармоғи қамровини кенгайтириш, аҳоли кўп яшайдиган ҳудудларда эса тармоқ сиғимини ошириш ишлари бўйича сон ва сифат нуқтаи назаридан янги марраларга эришилмоқда.

Мазкур йилнинг ноябр ойида компания ўз эътиборини республиканинг Наманган ва Фарғона вилоятларида янги база станцияларини ўрнатишга қаратди.

Хусусан, Наманган вилоятининг маъмурий маркази ва қишлоқ ҳудудларида UMS мобил оператори томонидан учинчи авлод тармоқларида ишлайдиган 20та янги база станцияси ўрнатилди. Наманган шаҳрида улар Дўстлик ва Гўзал шох кучалари, А.Темур, Қ. Отамирзаев, Марғилон ва Шифокор кўчаларида, Ахсикент мавзесида, 6-чи даҳа ва Давлатобод туманида пайдо бўлди.

«Ирвадон» (Наманган тумани), «Машад» (Уйчи тумани), «Қайқи» (Учқўрғон тумани), «Варзик», «Ғова» (Чуст тумани), «Нанай» (Янгиқўрғон тумани) қишлоқ фуқаролар йиғинларида, шунингдек, Гурумсарой (Поп тумани), Ёрқўрғон (Уйчи тумани), Қўғай (Учқўрғон тумани) қишлоқларида UMS мобил оператори томонидан янги база станцияларини ишга туширилиши маҳаллий ахолига катта қувонч олиб келди.

Фарғона вилоятида UMS мобил оператори 36та янги база станциясини ўрнатди. Фарғона, Қўқон, Марғилон, Ёзёвон каби шаҳарларда тармоқ сиғимини кенгатириш мақсадида янги база станциялари аҳоли зич яшайдиган ва жамоат жойларида барпо этилди.

Қишлоқларда UMSнинг янги база станцияларини ўрнатиш оқибатида 3G қамрови доираси янада кенгайди. Улар қуйидаги ҳудудлардир: «Файзобод» (Олтиариқ тумани), «Яккатут» (Бешариқ тумани), «Бекобод» (Бувайда тумани), «Акбаробод» (Қува тумани), «Ғиштмон» (Қўштепа тумани), «Ражабгарди» (Ўзбекистон тумани), «Наврўз» (Учкўприк тумани), «Миндон» (Фарғона тумани) қишлоқ фуқаролар йиғини, Рапкан (Бешариқ тумани), Оққурғон (Бувайда тумани), Найманча (Данғара тумани), Толмозор (Қува тумани), Қумтепа (Қўштепа тумани), Бўстон (Риштон тумани), Арабмозор ва Заркент (Тошлоқ тумани), Ўқчи (Ўзбекистон тумани), Чимён ва Аввал (Фарғона тумани), Чилгижийда (Фурқат тумани).

- UMSнинг 3G тармоғи мамлакатимизнинг барча ҳудудий марказларида, йирик шаҳарлар, туман марказлари, кўплаб қишлоқ фуқаролар йиғинларида ишлайди. Уни ривожлантириш масаласи компания учун долзарбдир. 2016 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида ва бутун 2017 йил давомида 3G қамровини кенгайтиришга қаратилган инвестициялар ҳажмини оширамиз. Тармоқ сиғимини ҳам оширишга катта эътибр қаратамиз, натижада UMS тармоғида маълумот узатиш тезлиги янада ортади, - дея, компаниянинг истиқболли режалари билан бўлишди “UMS” МЧЖ техник директори Ольга Филатова.