Ўзбекистон 27 та мамлакат туристлари учун визаларни бекор қилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон 2017-йилнинг 1-апрелидан бошлаб 15 та мамлакатнинг туристлари ҳамда 55 ёшдан ошган 12 мамлакатнинг туристлари учун виза режимини бекор қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонга имзо чекди.

Фармонга биноан, хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифи учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва виза тартиб-таомилларини соддалаштириш мақсадида 2017-йил 1-апрелдан бошлаб: туризм мақсадида Ўзбекистон Республикасига 30 кундан ортиқ бўлмаган муддатга келувчи Австралия, Австрия, Буюк Британия, Германия, Дания, Испания, Италия, Канада, Люксембург, Нидерландия, Корея Республикаси, Сингапур, Финляндия, Швейцария ва Япония фуқаролари учун; 55 ёшга тўлган ва туризм мақсадида 30 кундан ортиқ бўлмаган муддатга Ўзбекистон Республикасига келувчи Бельгия Қироллиги, Индонезия, ХХР (туристлар гуруҳлари таркибида), Малайзия, АҚШ, Франция, Вьетнам, Исроил, Польша, Венгрия, Португалия ва Чехиянинг фуқаролари учун виза режими бекор қилинади.

2017-йил 1-апрелдан бошлаб ушбу бандда кўрсатиб ўтилган хорижий фуқаролар Ўзбекистон Республикасига киришда 50 АҚШ доллари миқдорида Давлат бюджетига ўтказиладиган кириш йиғими тўлайдилар ва бу кириш йиғими тўланганлигини тасдиқлайдиган ҳужжат мамлакатга кириш учун асос ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Молия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Марказий банк билан биргаликда 2017-йил 1-мартгача бўлган муддатда хорижий фуқаролар томонидан кириш йиғими тўланиши тартибини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритади.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматининг Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда 2017-йил 1-апрелгача бўлган муддатда Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Урганч шаҳарларининг халқаро аэропортларида республикага келувчи (кетувчи) хорижий туристлар учун “яшил йўлак” божхона назорати тизимини, паспорт ва божхона назоратидан ўтишнинг, багажни олишнинг, транспорт хизмати кўрсатишнинг соддалаштирилган тартиб-таомилини жорий этиш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрадилар.