Ўзбекистонда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташкил этилмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикасида тугатилаётган “Ўзбектуризм” Миллий компанияси негизида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташкил этилмоқда. Мазкур қўмитани ташкил этиш “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонида белгилаб берилди. Бу фармонга Ўзбекистон Республикаси президенти в.б. Шавкат Мирзиёев имзо чекди.

Унга кўра Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси туризм соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб белгиланди. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси зиммасига қуйидаги функциялар юклатилди: туризм туроператорлик фаолиятини лицензиялаш; Ўзбекистон Республикаси сертификатлаштириш бўйича миллий органи – “Ўзстандарт” агентлиги билан мустаҳкам ўзаро ҳамкорликда туризм фаолияти субъектлари томонидан кўрсатиладиган туроператорлик (туризм маҳсулотлари) хизматлари ва меҳмонхона хизматларини мажбурий сертификатлаш, шу жумладан турли ташкилий-ҳуқуқий шакллардаги меҳмонхоналарнинг (мотелларнинг) таснифини белгилаш; сертификатланадиган туризм хизматларининг норматив ҳужжатларда белгиланган мажбурий талаблар ва стандартларга мувофиқлиги бўйича инспекция назоратини амалга ошириш.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, давлат ҳокимияти ва маҳаллий бошқарув органлари, мулкчилик шакллари ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.