“Қишлоқ қурилиш банк”дан янги омонатлар

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Акциядорлик-тижорат “Қишлоқ қурилиш банк” Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2009-йил 6-апрелда қабул қилинган “Тижорат банклари депозитларига аҳоли ва хўжалик субъектлари бўш пул маблағларини жалб этишни янада рағбатлантириш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” ги Қарори ижросини таъминлаш, банк омонатлари таркибидаги муддатли ва жамғармали омонатлар салмоғини ошириш мақсадида бир қатор янги омонат турларини жорий этди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар беради.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллиги муносабати билан банк томонидан миллий валютада “Қомус” муддатли омонати жорий этилган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017-йилнинг мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши муносабати билан “Қишлоқ қурилиш банк” янги - “Мулоқот” ва “Манфаат” омонат турларини ҳам жорий қилди.

“Мулоқот” омонатига миллий валютада 6 ой муддатга, “Манфаат” омонат турига 12 ой муддатга маблағлар қабул қилинади ва ушбу омонатларга ҳисобланган фоизлар ҳар ойда тўлаб берилади.

Эътиборга молик яна бир жиҳати шундаки, банк томонидан 8-январь – Прокуратура ходимлари куни муносабати билан “Ҳуқуқ ҳимоячиси” , 14-январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “Ватан ҳимоячиси”, 25-январь куни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси ташкил этилганига 25 йил тўлиши муносабати билан “Орзулар парвози” номли миллий валютадаги янги омонат турлари ҳам жорий қилинди.

“Ҳуқуқ ҳимоячиси” омонатига 6 ой, 9 ой, 12 ой муддатга маблағлар қабул қилинади ва ҳисобланган фоизлар ҳар ойда тўлаб берилади.

“Ватан ҳимоячиси” омонатига 1 ой, 3 ой, 6 ой муддатга маблағлар қабул қилинади ва ҳисобланган фоизлар ҳар ойда тўлаб берилади.

“Орзулар парвози” омонатига 12 ой, 24 ой муддатга маблағлар қабул қилинади ва ҳисобланган фоизлар ҳар ойда тўлаб берилади.

“Қишлоқ қурилиш банк” жорий этган яна бир янги омонат тури “Фортуна” деб номланиб, мазкур омонатга 6 ой ва 12 ой муддатга маблағлар қабул қилинади. Омонатга ҳисобланган фоизлар ҳар ойда тўлаб берилади (ушбу омонатга фоизлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг тўлов кунидаги курси бўйича тўлаб берилади).

АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” тизимида 2017-йил 1-январь ҳолатига 39 та омонат турига маблағлар жалб қилинмоқда ва банкнинг жами омонатчилари сони 77627 нафарни ва уларнинг банкдаги қўйилмалари (уй-жой маблағларисиз) 220,181 млрд. сўмни ташкил қилмоқда.

Банк томонидан чакана хизматлар бозоридаги фаолиятини доимий кенгайтириб бориш, мижозларнинг банк фаолиятига бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш чоралари кўриб келинмоқда. Қонун билан кафолатланган банкка қўйилган омонатларнинг сир тутилиши ва мерос ҳуқуқи ҳимояси доимий назоратда. Омонат ҳисобварақлари, депозит сертификатлари бўйича олинадиган даромад ва ютуқлар барча турдаги солиқлардан озод қилинган ва уларнинг тўлиқ ҳажмда қайтарилиши давлат томонидан кафолатланган.

Депозитлар бўйича операциялар банк сири сифатида таснифланиб, унга қатъий риоя қилиниши устидан тегишли назорат ўрнатилган. Омонатларга қўйилган маблағлар белгиланган муддатларда омонатчиларнинг биринчи талаби билан қайтариб берилади.