Одил Аҳмедов “Шанхай СИПГ” аъзосига айланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Россиянинг “Краснодар” клубидан “Шанхай СИПГ” жамоасига ўтган Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Одил Аҳмедов Хитойга етиб борди.

29 ёшли ярим ҳимоячи “Шанхай СИПГ” вакиллари ва ОАВ ходимлари томонидан илиқ кутиб олинди. Одил Аҳмедов Хитой клуби билан 3 йиллик шартномага имзо чекди.

Ўзбекистон терма жамоаси сардори “Шанхай СИПГ”да португалиялик мутахассис Андре Виллаш-Боаш қўли остида тўп суради. Аҳмедов янги жамоасида бразилиялик футболчилар Халк, Оскар ва Элкесен, аргентиналик Дарио Конка, ивуарлик Жан Эдвард Куасси каби тажрибали ва маҳоратли футболчилар билан биргаликда ўйнайди, деб хабар беради ЎФФ матбуот хизмати.

Маълумот ўрнида, Одил Аҳмедов 2006 йили профессионал фаолиятини бошлаган бўлиб, 2006–2011 йиллар давомида “Пахтакор” шарафини ҳимоя қилган. У икки карра Ўзбекистон чемпиони (2006, 2007), уч карра Ўзбекистон Кубоги соҳиби (2006, 2007, 2009) ҳамда Ҳамдўстлик мамлакатлари Кубоги (2007) ғолиби бўлган.

2011–2014 йилларда тажрибали ярим ҳимоячи Махачқалъанинг “Анжи” клубида тўп сурди. 2011 йилда у жамоанинг энг яхши футболчиси деб топилганди.

2014–2016 йилларда ўзбекистонлик футболчи “Краснодар” жамоасида ўйнади. 2014/15 йилги мавсумда у “буқалар”нинг энг яхши футболчиси деб тан олинганди.

Одил Аҳмедов фаолияти давомида 4 марта – 2009, 2011, 2014 ва 2015 йилларда Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси номига сазовор бўлганди.