Президент: “Электрон ҳукумат” тизими тўлиқ ҳажмда ишламаяпти

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- “Бизнинг навбатдаги кечиктириб бўлмайдиган ва истиқболдаги вазифамиз – «Электрон ҳукумат» тизими самарали ишлашини таъминлашдан иборат. Ҳозирча у тўлиқ ҳажмда ишламаяпти. Айрим идоралар эса бу тизимга ёки уланмаган, ёки очиқ айтадиган бўлсак, уни нима қилишни ҳам билмайди”, - деди Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев.

“2016-йилдаги айрим фактлардан ўзингиз хулоса чиқариб олинг. Давлат хизматлари ягона порталига 534 минг фуқаро ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлардан 6 мингдан ортиғи ёки кўриб чиқилмаган, ёки уларга ўз вақтида жавоб берилмаган.

Рўйхатга олинган 4 мингдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг атиги мингга яқини тизимга жойлаштирилган. Туман ва шаҳарлар ҳокимликларининг кўпида ушбу тизим самарасиз ишлатилмоқда.

Ҳатто технологик жараёнларни ва бошқариш тизимларини такомиллаштиришга жиддий эҳтиёж бўлган йирик корхоналар, ташкилот ва хўжалик бирлашмалари ҳам ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишда зарур ташаббус кўрсатмаяпти. Улар қаторида «Ўзбекнефтгаз», «Ўздонмаҳсулот» компаниялари, «Ўзфармсаноат» концерни, «Ўзбекчармпойабзали» уюшмаси, «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамияти ҳам бор.

Бундай юзаки ёндашув билан кўплаб муаммоларимизни ечишимиз мумкинми? Шу сабабли яқин вақт ичида ана шу ишлар аҳволини муҳокама қилиб, бу борада тасдиқланган Миллий дастурни бажаришнинг самарадорлиги юзасидан кўрилган чора-тадбирлар, шунингдек, истиқболдаги вазифалар тўғрисида ахборот бериш керак”, - деди Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев.